“Одамийнинг яхшироғи улдурким...” ёхуд Суйима Ғаниевани ёд этиб
ХХI асрда янги авлодларга биздан нималар қолади? Шубҳасиз, миллатнинг тили, бу тилда яратилган юксак асарлар ва улуғ аждодларимизнинг шарафли номлари! Буни юракдан ҳис қилиб, миллат ойдинларини дунёга танитаётган, жаҳоннинг энг нуфузли музейларида сақланаётган қўлёзмаларни қунт билан ўрганиб, ўз ворисларига топширган, тил ва миллат ривожига беқиёс ҳисса қўшган олимларимизнинг изланишлари ҳеч қачон бесамар кетмайди.
Тилимиз жонкуяри
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос Суйима Ғаниева Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор илмий тадқиқотлари, рисолалари билан ўз номини улуғлик пиллапоясига кўтарган олима эди. Буюк аждодимиз ижодини тўлиқ англаш учун унинг асарлари изоҳлари, бугунги адабий тилимизга татбиқ қилинган муқобиллари, луғатлар муҳим ўрин тутади.
Суйима Ғаниева бутун умрини мана шундай эзгу ишларга бағишлади. Навоий ижодига мурожаат қилиб, ушбу буюк зот ўз асарларида она тили — туркийнинг туганмас имкониятлари, қудрати ва қувватини намоён қила олганини кўрсатиб берди. Бу бошқа туркий шоир, ёзувчилар ижодига беқиёс таъсир қилганини илмий тадқиқотлар асосида исботлади. Бир ёғи Хитой, бир ёғи Ҳиндистон, бир ёғи кичик Осиё, бир ёғи Кавказ ҳамда Волгабўйидан тортиб, Сибиргача чўзилган мамлакатларда яшовчи туркий халқлар Навоий асарларини қандай таржима қилиб, ўрганиб келаётгани билан қизиқди. Бобокалонимизнинг жаҳон қўлёзма фондлари ва шахсий кутубхоналарда сақланаётган қўлёзмаларини ахтариб, топиб ўрганди.
Суйима опа Навоий асарларининг фақат изоҳлари, табдили, луғатларини тайёрлаш эмас, ўзбек тилидаги ҳар бир сўзнинг мазмун-моҳияти, тузилиши, тарихига эътибор қаратди. Қадим луғатларда бору, бугун муомаладан чиқиб кетган ўзбек тилидаги сўзларни тиклади. Навоий асарлари, тил ва услуби воситасида ўзбек тили грамматикаси ҳар қандай сўз ва ифода яратишга қодирлигини намоён этди. Ҳақиқатан ҳам, буюк шоир бу тилда дунё ва миллий адабиётимизда тенгсиз хазина қолдирган. Навоий давридан бери неча тиллар унутилиб, йўқолиб кетди. Қанча тиллар жуда тор доиралардагина яшаб қолди. Суйима Ғаниеванинг Навоий асарлари асосида яратган луғатлари эски туркий сўзларнинг бугунги она тилимизга истеъмолга киритилишига хизмат қилди. Масалан, ўрта асрларга оид кўплаб ҳарбий атамалар адабий тилимизга кириб келди. Суйима Ғаниева Навоийнинг серқирра ижодини ўрганиш, асарларини бошқа тилларга таржима қилиш орқали миллатпарварлиги, юртпарварлиги, маърифатпарварлигини исботлади.
Матншунослик ва таржима — заҳматталаб иш. Олима талабалик йилларидан кўплаб кутубхоналарда ўтириб, Навоий ижодининг теранлиги, мураккаб бадииятини халқона тилда очиб бериш йўлларини излади. Замондош навоийшунослар орасида улуғ бобомизнинг табаррук дастхатини кўришга мушарраф бўлди. Унгача Навоийнинг бизгача ўз қўли билан ёзган бирор асари етиб келганмикан, деган савол атрофида фикр юритар эдик. Суйима опа 1991 йилда Фирдавсий “Шоҳнома”сининг 1000 йиллигига бағишланган халқаро конференция муносабати билан Теҳронга бориб, “Кохи Гулистон” номли музейда Навоий дастхатини топди.
Суйима Ғаниева 1983 йилдан бошлаб, 2003 йилгачанашрлар изоҳи ва таржималари устида қанча тер тўкди. Ҳар бир жилди маънавий-маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Навоийнинг тасаввуфга оид асарларининг тўлиқ матни достон ва насрдаги анъанавий “ҳамд”, “наът” қисмларини керакли изоҳлари билан тиклаган, “Муножот”, “Сирож ул-муслимин” асарларини Навоий асарларининг 20 жилдлигига киритган, олти жилд нашрини тайёрлаган, икки жилдга муҳаррирлик ва яна бир жилдга изоҳлар тузган. Юртимизда Навоийнинг китобларидан бирор жилди кириб бормаган кутубхона деярли йўқ.
Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Одамийнинг яхшироғи улдурким, порсо ва пок бўлғай ва ҳақ сўзни айтурда беваҳму бок бўлғай. Ўзи поку, кўзи покни инсон деса бўлур, тили ариғ (нозик) ва кўнгли ариғни мусулмон деса бўлур”, дейди. Суйима Ғаниева том маънода, умр бўйи шу ақидага амал қилиб яшади. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиб, илмий рисолалари орқали она тилимиз равнақига беқиёс ҳисса қўшди. Заҳматкаш олимамизнинг илмий изланишлари келгуси авлод учун катта маънавий мерос бўлиб қолади.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг