Очилбой Раматовга​ парламент сўрови юборилди

13:59 04 Май 2019 Сиёсат
1580 0

Сенатнинг ялпи мажлисида Сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж.Раматовга парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала юзасидан сенатор Т.Искандаров чиқиш қилди.

Унда қайд этилишича, сенаторлар томонидан жойларда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ижросини ўрганиш натижаси соҳада тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар мавжудлигини кўрсатди

Мисол учун, “Сувоқова” ДУКга қарашли оқова сув тозалаш иншоотларини асосий қисми ўтган асрнинг 60-70 йилларда ишга туширилган бўлиб, бугунги кун талабларига умуман жавоб бермайди. Натижада сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари қўпол равишда бузилиб, биологик ва кимёвий тозалашдан ўтказилмасдан тўғридан-тўғри очиқ сув ҳавзаларига оқизилмоқда.

Бу оқинди сувлардан сувга яқин ҳудуддларда яшаётган айрим аҳоли қисми маиший эҳтиёжлари учун фойдаланиб келяпти.

“Сувоқова” ДУКга қарашли мавжуд 22 та лабораториядан
5 таси, яъни Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё Жиззах,вилоятларидаги лабораториялар умуман фаолият кўрсатмаяпти. Қолган 17 таси белгиланган талабларга жавоб бермайди.

Республикамиздаги мавжуд оқова сув тозалаш иншоотларини тегишли даражада ишлашини таъминлашни назорат қилиш ташкил этилмаган, кўп ҳолларда уларни техник эксплуатация қилиш ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган талаблар бузилишига йўл қўйилмоқда. Оқова сув тозалаш иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришга оид қоида ва муддатларга риоя этилмаяпти, уларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария қоидалари ва гигиена нормалари талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан мавжуд сув тозалаш иншоотидан чиқаётган оқова сувлардан намуналар олиниб, таҳлил қилинганда, уларда белгиланган меъёрларга нисбатан рух моддаси 4,7 мартага, мис 3 мартага, нефть маҳсулотлари 2,8 мартага, азот нитрит 1,8 мартага ҳамда сульфат моддаси 1,8 мартага юқори эканлиги аниқланган.

Мутасадди идоралар томонидан аҳоли пунктларида канализация тизимларини қуриш ҳамда мавжуд ва барпо этилаётган уйларни уларга улаш масаласига етарли даражада эътибор берилмаяпти.

Шуларни инобатга олиб, сенаторлар Сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж.Раматовга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер