Ободлик ва фаровонлик сари
Инсон бахтли яшаши учун кўп нарса керак эмас. Бунинг учун, энг аввало, хонадонимизда, маҳалламизда қулай шароит бўлса кифоя. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар айнан шу эзгу мақсадга йўналтирилган. Жумладан, Избоскан туманидаги 61 та маҳалладан шароити нисбатан оғир бўлган 6 тасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ишларига киришилди. Бунинг учун ҳар бир маҳаллага ўртача 4–5 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
— Бизнинг “Бўстон” маҳалласида “Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастури доирасида бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Аскаров. — Унга биноан ажратиладиган 5 миллиард сўм маблағнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш мақсадида нуронийлардан иборат кенгаш тузилди ва улар доимий назоратни олиб бормоқда. Лойиҳа доирасида 4,4 километр йўлни таъмирлаш, 2 та электр трансформаторини ўрнатиш, 2 километр электр тармоқларини янгилаш ҳамда 1 та ичимлик суви қудуғини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, маҳалламиз тумандаги энг обод ҳудудлардан бирига айланади.

Шунингдек, тумандаги маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, таълим ва тиббиёт муассасаларидаги муаммоларга ижобий ечим топишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда. Бу каби амалий чора-тадбирлар аҳолига янада қулай ва муносиб ҳаёт шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг