Обеликснинг гуруҳи Самарқандга ташриф буюрди
Куни кеча машҳур француз актёри Жерар Депарденинг тасвирга олиш гуруҳи Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Гуруҳнинг ташрифидан кўзланган асосий мақсад вилоятимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш, Франция ва Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилиши режалаштирилган Ўзбекистон ҳақидаги ҳужжатли фильмни суратга олиш ишларини давом эттиришдан иборат. Меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мақбараси, “Чор Чинор” боғи, Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.

Тасвирга олиш гуруҳи олдида Ўзбекистоннинг янги кашф қилинмаган қирраларини француз томошабинлари учун очиб бериш вазифаси турибди. Шунингдек, фильмда Исломнинг маърифат масалаларида тутган ўрни ва моҳиятига алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур лойиҳа Самарқанд брендини Европа мамлакатларида янада оммалаштириш, унинг бой тарихи, маданияти, бетакрор табиати ва меҳмондўст халқи билан яқиндан таништиришга хизмат қилади. Ташриф давом этмоқда.

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг