ОАВ: Украина МДҲдан чиқса миллиардлаб доллар зарар кўради
Украинанинг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги(МДҲ)дан чиқиши унга миллиардлаб доллар зарар келтиради.
Польшанинг Rzeczpospolita газетасининг ёзишича, Украина МДҲ аъзоси бўлмагани, лекин Ҳамдўстлик доирасида минглаб келишувларга имзо чекканини эслатиб ўтади. Мазкур ҳужжатлар гуманитар соҳалар, иммиграция масалалари, ҳуқуқий ахборотларни алмашиш, ҳужжатларни ўзаро тан олиш, алиментларни ундириш, пенсия тўлови, визасиз режим ва бошқа кўплаб жабҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олган.
Биргина эркин савдога оид шартномани олиб кўрайлик. Украиналик иқтисодчи Александр Охрименконинг айтишича, мазкур битим жуда муҳим саналиб, уни бузиш катта йўқотишларга олиб келади. Янгисини тузиш эса кўп вақт талаб қилади. Бундан ташқари, биргина ўтган йилнинг ўзида МДҲ давлатлари билан савдо айланмаси 16 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Боз устига, бу борада Киевнинг асосий шериги Москва бўлиб қолаяпти.
“Агар Украина ушбу шартномаларни бекор қилганда эди, уч миллиондан зиёд украиналик ишчилар Россияда ишлай олмаган бўлар эди. Киев Ҳамдўстликдан чиқишни бошқаларга кўрсатиб қўйиш учун ҳамма нарсани қилаяпти. Грузия МДҲни шу кўйи тарк этди. Лекин ўзига фойдали бўлган шартномаларга риоя қилмоқда”, — дейди профессор Андрей Суздальцев.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Украина президенти Пётр Порошенко МДҲ доирасида имзоланган барча халқаро келишувларни қайта кўриб чиқиш ва улар ичида давлатнинг миллий манфаатларига тўғри келмайдиган “фойдасиз”ларидан воз кечиш ниятида эканлигини таъкидлаганди.
Бундан ташқари, нашр Киевнинг Ҳамдўстликнинг устав органларидаги фаолиятини узил-кесил тўхтатиш бўйича ҳам тегишли фармон қабул қилинганига тўхталиб ўтган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг