Нью-Йоркда 15 ёшли ўзбекистонлик отиб ўлдирилди. Унинг дафн маросимида Нью-Йорк мэри ҳам қатнашди

11:41 21 Июль 2023 Дунё
568 0

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик муҳожирларнинг 15 ёшли ўғли Фаридун Мавлонов ҳалок бўлди.

Воқеа 17 июл, душанба куни туш вақтида содир бўлган. Самарқандлик оиланинг фарзанди бўлган Фаридун Мавлонов яшаш уйи яқинида, 20 авенюда отиб ўлдирилган.

Ҳодиса ҳақида полицияга 911 рақамли орқали хабар берилган ва улар етиб борганда йигитни яқин атрофдаги Маимонедес касалхонасига оғир аҳволда олиб боришган. Йигитнинг ўлими 18 июл, сешанба куни қайд этилган.

Қотил ўқ узаётган ҳолат назорат камерасига тушиб қолган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 17 ёшли ўсмир Франклин Делано Рузвельт олий мактаби ташқарисида турган ёшларга қарата 7 марта ўқ узган. Тергов жараёнини бошқараётган детектив Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, қотил айнан Фаридунни нишонга олиб ўқ узмаган. Ҳолат кўчадаги назорат камерасига ҳам тушган ва унда қотил кўчада одам кўп бўлган вақтда ўқ узгани кўринади.

Фирдавс Мавлонов 12 йил аввал ўз оиласи билан АҚШга кўчиб кетган. Ота ҳозирда сартарошлик билан шуғулланади, марҳум ўғли ҳам бўш вақтида унга ёрдам бериб турган. Фаридун дзюдо яккакураши билан ҳам шуғулланган.

«Ҳар кун қўрқинчлироқ бўлмоқда. Бугун менинг ўғлим ўлди, эртага бошқанинг ўғли ўлиши мумкин», дейди марҳумнинг отаси.

Йигитнинг дафн маросими Нью-Йорк шаҳар мэри Эрик Адамс ҳам иштирок этган. Йигитнинг отаси Фирдавс Мавлоновнинг айтишича, Фаридунни икки марта операция қилишган, аммо қон кетиши тўхтамаган. «Ўғлимни ҳамма биларди. Болаларни ўлдиришни бас қилиш керак, бу жуда ёмон. Илтимос, менга ёрдам беринг», - деган марҳумнинг отаси.

Детектив Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, отишма содир бўлишидан тахминан икки соат олдин икки гуруҳ ёшлар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Кейин улар учрашиб, орани очиқ қилишга келишиб олган. Нариги гуруҳдагилар орасида эса отишмани содир этган 17 ёшли қотил ҳам бўлган. У белгиланган жойга етиб боришганда тўппончасини чиқариб тўғри келган томонга қаратиб ота бошлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер