Нуротада лавандазор барпо этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Умумий қиймати 2,5 млн. АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 1 миллион доллар йўналтирилиб, 500 гектар ер майдонида лаванда кўчатлари экилади.
— Парфюмерия саноати учун қимматли хомашё – лаванда таркиби 1,2-2,3 фоиз атрофида эфир мойига эга бўлган бутасимон ўсимлик, – дейди Нурота тумани ҳокими ўринбосари Фозил Ёдгоров. — Лавандани экишдан олдин биз «Чуя» МФЙ ҳудудидаги қарийб 1,5 минг гектар ернинг тупроғи ҳолатини ўргандик. Ҳеч қачон пахта экилмагани, тупроқнинг экологик тозалиги ҳақидаги маълумотлар асосида 500 гектар ер танлаб олинди.

Таъкидлаш жоиз, лаванданинг ўзига хос хусусиятлари бор. Энг аввало, у сувсизликка чидамли бўлиб, йил давомида суғориш шарт эмас. Шунингдек, бир марта экилган кўчатлар 30-50 йил ҳосил берар экан. Ундан олинадиган бир литр ёғ эса дунё бозорида 20-100 доллар миқдорида баҳоланади.
Лаванданинг хушбўй ҳиди тушкунликдан халос бўлишда самарали восита. Унинг гули ва баргидан ҳам шифобахш чой тайёрлаш мумкин.
— Лойиҳанинг иккинчи босқичида 1,5 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, у “FHH GARDEN FLOWER” МЧЖ томонидан амалга оширилади, — дейди Нурота туман ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Равшан Азимов. — Ҳар икки босқич тўлиқ амалга оширилиши туфайли жами 30 та доимий ва 220 та мавсумий иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Лаванда иссиқсевар, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик ва 30 даража совуққа чидайди. Уч йилдан кейин кўчатлар орасига бошқа экинлар экиб ҳам, ҳосил олиш мумкин. Лекин Нурота шароитида сув танқислиги ҳамда лавандадан келадиган даромаднинг унга қилинган харажатга нисбатан бир неча баравар кўплиги сабаб бунга у қадар зарурат сезилмаса керак.
Айни кунларда Нурота лавандазорларига электр энергияси тармоқлари тортилиб, экин майдонларида ерларни созлаш ва унумдорлигини ошириш ишлари олиб борилмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг