Нотўғри ҳисобланган солиқ суммаси тадбиркорга қайтарилди

16:02 22 Февраль 2023 Жамият
576 0

Фото: Иллюстратив cурат

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили – бизнес омбудсманга Наманган шаҳрида фаолият юритувчи “Trade R” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбаридан мурожаат келиб тушди. Унда Наманган вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 10 августдаги қарори билан МЧЖга нисбатан ҳисобланган 97 миллион сўм миқдордаги солиқ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган бўлсада, хўжалик юритувчи субъект ҳисоб-рақамига қўйилган инкассо топшириқномаси ҳанузгача олиб ташланмагани, аксинча, пул маблағлари ечиб олинганидан норозилик ифодаланган эди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш хулосасига кўра, Наманган вилоят ДСБ томонидан ўтказилган камерал текширув натижаларига асосан ҳисобланган юқоридаги қўшимча қиймат солиғи ҳақидаги қарор ҳақиқатан ҳам суд томонидан бекор қилинган экан. Лекин Наманган туманлараро маъмурий судининг ўтган йил 30 августда айни масалада чиқарган ҳал қилув қарорининг асосий бандлари бажарилмаган.

Бизнес омбудсман солиқ идораси томонидан тадбиркор ҳуқуқ ва манфаатининг бузилиши билан боғлиқ ушбу ҳолатга жиддий муносабат билдирганидан сўнг масалага нуқта қўйилди. Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркор ҳисоб рақамига киритилган қўшимча тўлов ҳисобдан чиқарилиб, орада ушлаб қолинган 70 миллион сўм маблағ МЧЖга қайтарилди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер