Нормаларни қўллашдаги ноаниқликлар бартараф этилади
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, республика аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар сифатини ошириш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ норматив-хуқуқий хужжатларда асосий тушунча ва атамаларнинг турлича қўлланилиши амалиётда айрим ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан 7 та кодекс ва 8 та қонунда фойдаланилган турли тушунча ва атамаларни “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги Қонунда қўлланилган ягона шаклга мослаштириш таклиф этилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасига оид нормаларни қўллашдаги ноаниқликларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш имконини беради.
Мажлисда лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор таклифлар билдирилди ва мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг