Ноанъанавий сайёр суд мажлиси тарғибот тадбирларига уланиб кетди
Фото: “Халқ сўзи”
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳри ҳамда Кармана тумани судларининг сайёр суд мажлисига 500 нафарга яқин ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари таклиф этилди. Уларнинг аксариятини маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган, жиноят кўчасига кирган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бор ёшлар ташкил этади.
— Шаҳримизда ёшлар ўртасида ўғрилик, фирибгарлик ва порахўрлик бўйича жиноятлар 2022 йилга нисбатан бирмунча ошган, — дейди жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси Суннатжон Болтаев. — Шунингдек, спиртли ичимликлар таъсирида майда ҳуқуқбузарлик, оилавий зўравонлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг кўпайгани бир қатор ишларни сайёр тартибдаги суд мажлисида кўриб чиқишимизга сабаб бўлди. Мақсад жиноятга жазо муқаррарлиги ва ҳуқуқбузарликлар оқибатини катта ҳаёт бўсағасида турган жиноятга мойиллиги бор ёшларга кўрсатишдан иборат.
Суд мажлисида спиртли ичимлик таъсирида келиб чиққан жанжал ва гумонланувчиларнинг қилмиши муҳокама этилди. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳри ҳамда Кармана тумани судлари томонидан 10 дан ортиқ шу мазмундаги ишлар бўйича ҳукм эълон қилинди.
Сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан 12та майда безорилик билан боғлиқ иш кўриб чиқилди.
— Шуларнинг иккитасини оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади, — дейди жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Жаҳонгир Каримов. — Бунга янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 59-прим 2-моддаси бўйича ўтган уч ой ичида 6та шу каби ҳуқуқбузарликларнинг кўриб чиқилганини қўшсак, мазкур ҳуқуқбузарликнинг туманда ошганлиги ойдинлашади. Умид қиламизки, бугунги ўтказилган сайёр суд мажлиси мазкур ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда амалий профилактик чора бўлиб хизмат қилади.
Сайёр суд якуни билан иштирокчилар учун тарғибот тадбири ташкил этилиб, судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти,суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари, шунингдек, инсон қадри ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашдаги тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг