«НКМК» АЖда Маҳаллийлаштириш дастури асосида 1,5 мингга яқин янги маҳсулот турлари ўзлаштирилди
Фото: Халқ сўзи
60 йиллик юбилейига ҳозирлик кўраётган Навоий машинасозлик заводи дастлаб таъмирлаш механика цехи сифатида иш бошлаган. Ўтган йиллар давомида ушбу корхона кейинчалик ўз фаолиятини кенгайтириб, наинки «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ тизимидаги корхоналар эҳтиёжи учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи, балки минг-минглаб турдаги маҳсулот, буюртма асосида исталган механизмни тайёрлаш салоҳиятига эга йирик машинасозлик заводига айланди.
Бугун ҳудуддаги «НКМК» АЖ, «Навоийуран» ДК каби йирик саноат корхоналарининг фаолияти барқарорлигини Навоий машинасозлик заводисиз тасаввур этиш мушкул. «НКМК» АЖнинг очиқлик сиёсати унинг тизимидаги Навоий машинасозлик заводида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказиш имконини берди.

Матбуот анжумани Маҳаллийлаштириш дастури ижроси бўйича комбинатда олиб борилаётган ишлар, қўлга киритилган натижалар ва истиқболдаги режалар мавзусида бўлиб, «НКМК» АЖнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Холмамат Раупов кун тартибидаги масала мазмун-моҳиятига иштирокчилар эътиборини қаратди.
Таъкидланишича, маҳаллийлаштириш бўйича ишлаб чиқилган дастурлар, йўл хариталари ҳисобига комбинатда янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, кооперацион алоқалар географиясини кенгайтириш йилдан-йилга ривож топиб, сўнгги йилларда 160 дан ортиқ лойиҳа доирасида 1,5 мингга яқин янги маҳсулот турлари ўзлаштирилган. Натижада 400 миллион АҚШ долларидан ортиқ валюта иқтисод қилишга эришилган.

Тадбирда «НКМК» АЖ Харидларни ташкил этиш ва методологиясини такомиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи М. Амонов, Маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи У. Санақулов, Навоий машинасозлик заводи директори Ж. Ҳайитов саноат кооперацияси доирасида жорий йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 4,8 трлн. сўмлик маҳсулот харид қилингани, бу комбинат ташаббуси билан республикада биринчи бўлиб импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича «Шатакка олиш» механизми жорий этилиши эканлигини таъкидладилар.
— «Гидро Станко Сервис» МЧЖ, «Навпромлитмаш» МЧЖ, «Азия гормаш» МЧЖ ҚК, «Кармана шарқона инвест» МЧЖ, «Латем металл» МЧЖ ва бошқа шу каби корхоналар билан самарали ҳамкорлик изчил давом этмоқда. – дейди У. Санақулов. — Умуман, ниҳоясига етаётган йилда 167 та лойиҳа доирасида 550 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди. Йил якунига қадар кооперацияни кенгайтириш эвазига импортни қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари 55,7 млн. долларга эквивалентига етказилади.
Анжуманда йил давомида ўтказилган ҳудудий ярмаркалар доирасида жами 2,7 трлн. сўмлик 2 минг 321 та шартнома имзоланиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллий корхоналарда ўзлаштириш ва кооперация алоқалари асосида харид қилиш бўйича ишлар олиб борилаётгани аниқ рақам ва мисоллар билан шарҳлаб берилди. Хусусан, Навоий машинасозлик заводи қувватининг кенгайтирилиши ҳисобига шу йилнинг ўзида йирик ҳажмли шарли тегирмонлар, янги турдаги насослар, дастгоҳлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани эътироф этилди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг