“Неварамни излаб кутубхонадан топдим...”

16:40 16 Февраль 2024 Жамият
371 0

Жўрақул Махсимов 74 ёшда. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотган бу отахон билан суҳбатлашган киши ҳаёт қадру қиммати, ўғил-қизлар тарбияси билан боғлиқ билими, дунёқарашини бойитиб олади. Бу бежиз эмас. Бухоро вилояти Олот туманидаги Мухтор маҳалласида яшовчи отахон эсини танибдики, китоб мутолаа қилади.

— Қайси бир куни неварам Асадбекни излаб, уни маҳалладошим Шаҳнозахон ташаббуси билан очилган кутубхонадан топдим, — дейди у. — Жуда хурсанд бўлдим. Сизга айтар бўлсам, оиламизда неваралар қўлига китоб тутган маҳал уларни бошқа юмуш билан чалғитмаслик одати бор. Ахир, китоб — билим манбаи. Ундан олган билим билан бирни эмас, мингни йиқиш мумкин.

Айтмоқчи, бундан тўққиз ойча аввал мамлакатимизнинг шу чекка маҳалласида яшовчи Шаҳноза Наврўзова саъй-ҳаракати билан кутубхона очилган ва бу нафақат вилоят, балки республикамизда ҳам кўпчилик эътиборини ўзига тортган эди. Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарияти томонидан бу кутубхонага “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 12 та планшет совға қилинди.

— Қишлоғимиздаги 29-умумтаълим мактабида ўқиганман, — дейди Шаҳноза. — Кейин Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олдим. Пойтахтимиздаги академик лицей ва ўқув марказларида ишладим. Беш йилча Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳам ўқиб, ҳам ишладим. Қаерда бўлмай мени болаликдаги орзу —қишлоғимда кутубхона очиш нияти тарк этмади. Китобларим, камтарона бўлса ҳам сармоям бор эди.

Она-юртга қайтган Шаҳноза амалий ишга киришди. Туман ҳокимлиги ва бошқа хайрихоҳ ташкилотлар кўмаги билан унга қадрдон мактабидан хона ажратиб берилди. Тиниб-тинчимас қиз ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали савобталаб инсонларга мурожаатлар йўллади. Натижада ҳам китоб таъминоти, ҳам маблағ масаласида ёрдам кела бошлади. Бу жуда ҳайратланарли: қисқа муддат ичида маҳалланинг 300 дан зиёд хонадонига кутубхона китоблари кириб келди. Айни пайтда бу зиё маскани аъзолари сони 400 нафардан ошди. Ҳозир бу ерда жаҳон ва ўзбек адабиёти, турли фан ва соҳаларга оид, шунингдек, хорижий тилларни ўрганишга мўлжалланган 2200 дан зиёд китоб бор. Шаҳноза бир қатор нашриётлар билан ҳамкорлик алоқаларини ҳам ўрнатган. Кутубхона аъзолари бу ерда мутолаадан ташқари, шахмат-шашка ўйнаш, интернет воситасида хорижий тилларни ўрганиш имкониятига эга.

Айтмоқчи, ҳар кун кеч соат 23 00 га қадар кутубхона чироғи ўчмайди. Бу ерда 13 ёшдан кичик китобхонлар ва ёши катта аъзолар билан алоҳида- алоҳида у ёки бу китоб муҳокамаси ҳам ўтказилади. Турли номинациялар бўйича ғолиблар номи аниқланади.

Мақоламиз бошида номини тилга олганимиз Жўрақул отага келсак, унинг ўзидан ташқари, икки қизи, беш нафар невараси ҳам кутубхонанинг фаол аъзоси саналишади.

— Яқинда ҳузуримизга уч-тўрт нафар аёл кутубхонани излаб келди, — дейди Мухтор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Янгибой Жўраев. — Суриштирсам, улар қўшни Қоракўл туманидан экан. “Бу ердаги кутубхона дарагини эшитиб унга аъзо бўлгани келдик”, дейишди. Шунда Шаҳноза қизимизнинг бу хайрли ташаббусидан кўксим тоғдек кўтарилди. Буёғини сўрасангиз, маҳалламиз жиноятдан холи ҳудуд саналади. Бунда шу кутубхонанинг салмоқли ҳиссаси бор. Чунки зиё маскани кексаю ёшнинг бўш вақтларини мазмунли, фойдали ўтказишда қўл келаяпти. Масаланинг шу томонларини ҳисобга олиб, уни молиялаштириш жиҳатлари ўйлаб кўрилса айни муддао бўларди. Чунки у айни пайтда шахсий сармоя ва ҳомийлар кўмаги эвазига фаолият кўрсатмоқда.

Бу гапда жон бор, албатта. Китоб инсонни тўғри йўлга бошлайди. Тафаккурини бойитади, ақлини чархлайди, оқу қорани танитади, мустақил ҳаётга тайёрлайди. Зеро, бундай беминнат зиё маскани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга арзийди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер