Нега уйингизнинг кадастр ҳужжати йўқ?!.
Хўш, нега ҳамюртларимиз ўн йиллар мобайнида яшаб келаётган хонадонининг кадастр ҳужжатини қилдиришга унчалик қизиқмайди?
Бу борада ана шундай тоифадаги ҳамюртларимизга мурожаат қилсангиз, ортиқча расмиятчилик ва харажатлар оғирлик қилишини таъкидлашади. Айни пайтда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 24 минг 314 та уй-жойлар мавжуд. Бугунги кунга қадар 10 минг 609 та хонадоннинг кадастр ҳужжати расмийлаштирилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган. Демак, салкам 14 мингта уй-жойларнинг эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган. Биргина шу жиҳатнинг ўзи ҳам туманда бу борадаги ишлар бугунги кун талаблари асосида ташкил этилмаётганидан далолат беради.
Битта хонадоннинг кадастр ҳужжати расмийлаштирилиши ҳисобига давлат бюджетига ўртача 1 миллион сўм солиқ маблағи жалб этиш мумкин. Тумандаги 14 мингга яқин уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланиши эвазига бюджетга 13-14 миллиард сўм маблағ жалб этиш имкони бор.
Ёзёвон тумани кадастр бўлими раҳбари Дилмурод Раҳимов томонидан тақдим этилган рақамлар ушбу соҳада ҳақиқатдан ҳам камчиликлар кўп эканлигини кўрсатади. Маълум бўлишича, Янгибўстон МФЙ ҳудудида ўтказилган хатлов натижасида 58 та аҳоли хонадони, 2 та нотурар жой ҳамда 78 та бўш ер участкаларининг кадастр ҳужжатлари йўқлиги аниқланди.
Янгиобод МФЙда олиб борилган хатлов туфайли аввалги ҳолатга нисбатан кўчмас мулк объектлари сони 75 тага кўп эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, 60 та аҳоли хонадони, 75 та турар жой ва 6 та нотурар жой объектлари бўйича кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги фош этилди. Аслида бу каби салбий ҳолатларни туманнинг исталган маҳалласида аниқлаш мумкин.
Президентимиз бир қатор чиқишларида кадастр идоралари фаолияти билан боғлиқ коррупция, қонунбузарликларни кескин танқид қилган, соҳа фаолиятини замонавий мезонлар асосида ислоҳ қилиш борасида фармон ва қарорлар чиқарган эди. Афсуски, ҳозирча мазкур соҳа фаолиятида кутилган натижаларга эришилмади.
Биз тумандаги мавжуд ҳолатни Қўрғонча МФЙ ҳудуди мисолида ўргандик. Маҳалла раиси Абдулҳамид Эҳсоновнинг маълум қилишича, 565 та хонадонда 3 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу куни маҳалла раиси, туман кадастр бўлими мутахассиси Равшан Маҳмудов, туман ДСИнинг жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Ислом Абдуллаев ҳамроҳлигида ҳудуддаги юзга яқин хонадонларда бўлиб, кадастр ҳужжати бор-йўқлиги билан қизиқдик. Маҳаллада янги уйга кўчиб ўтганига ўттиз йилдан ошган, ўтиб кетган отаси ёки онасининг номига тахминий миқдорда солиқ тўлаб юрган ва ҳалигача кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ёки ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш борасида деярли ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган оилалар кўп эканлиги ачинарлидир.
Нурли келажак кўчасининг 103-уйида истиқомат қиладиган Аҳаджон Пўлатовлар оиласи мустақиллигимизнинг илк йилларида ушбу уйга кўчиб ўтган. Лекин уйининг ҳалигача кадастр ҳужжати қилинмаган. Бундай мисол шунинг ўзи бўлса эди. Нурли келажак, Навбаҳор, Боғи эрам, Обод диёр каби кўчаларда яшовчи яна кўплаб хонадон эгалари кадастр ҳужжати қилдирмай яшаб келаётгани аниқланди. Бир сўз билан айтганда, ўрганилган хонадонларнинг қирқ фоизида кадастр ҳужжати йўқ.
Ваҳоланки, уларнинг уй-жойи неча йиллар аввал рўйхатга олиниши ҳамда баҳоланиши ва шу асосдагина ер, мол-мулк солиғи тўлаши шарт эмасмиди?!
Томорқасида иссиқхона, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган, замонавий автомашиналар миниб юрган бўлса-да, кадастр ҳужжати қилдиришга ҳафсала қилмаётган оилалар ҳам бор. Бу бир жиҳатдан қонунчиликда белгиланган солиқдан ҳам қочиш-ку!
Хуллас, битта маҳалла мисолида шунча муаммо. Агар бу рақамлар Ёзёвон тумани, вилоят ҳамда мамлакат миқёсида кўпайтирилса, нечоғли улкан рақамлар келиб чиқишини тасаввур этиш қийин эмас. Демак, бу муаммо республикамиз миқёсида аниқ тизим ва режа асосида бартараф этилиши учун ўз навбатини кутиб турибди.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг