“Нефтчи” биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди
Кеча, 9 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тур ўйинлари якунланди. Кун доирасида мухлислар турнинг марказий ўйинига гувоҳ бўлишди. Ушбу баҳсда мамлакатнинг амалдаги чемпиони Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ўз майдонида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасини қабул қилди.
Учрашув меҳмонларнинг 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган ягона голга 22-дақиқада Достон Ҳамдамов муаллифлик қилди. Шу тариқа Ислом Исмоилов жамоаси 2026 йилги мавсумдаги биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Ушбу ғалабадан сўнг, “Пахтакор” жамоаси турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди.
Куннинг иккинчи ўйинида эса Александр Хомяков бошқарувидаги “Бухоро” жамоаси Навоийнинг “Қизилқум” клубини қабул қилди. Учрашув мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда ҳисоб 21-дақиқада Жавоҳир Рўзиев томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 59-дақиқасида эса Владимир Родич “Бухоро”нинг иккинчи голини киритди. Шу тариқа баҳс 2:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг