Наврўзга зўр тараддуд билан пешвоз чиқаётган Самарқанд

17:14 03 Март 2022 Жамият
1050 0

Фото: Архив фото

Коронавирус пандемияси сабабли сўнгги икки йилда бутун Шарқ мамлакатларида, жумладан, юртимизда ҳам Наврўз айёмини кенг нишонлаш имконияти бўлмади. Бугун вазият бироз барқарорлашди, ёшу қари ушбу қадрдон байрамни интиқ бўлиб кутаётгани, жойларда қизғин ҳозирлик ишлари бошлаб юборилгани маълум. Зотан, давлатимиз раҳбарининг қарорида ҳам жорий йилги Наврўз тантаналарини «Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр муҳаббат ва қадр қиммат айёми» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонлаш белгиланди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Наврўз байрамини муносиб нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар белгиланди.

- Халқимиз Наврўзни йил давомида кутади, яхши кайфиятда, яқинлари, маҳалла-кўй билан нишонлашни истайди, – деди вилоят ҳокими Э. Турдимов. – Зеро, Наврўз ўзимизнинг шарқона янги йил, янгиланиш, меҳр-оқибат байрами. Бу йил вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллаларда Наврўзни умумхалқ сайли сифатида, халқимизга хос анъана ва қадриятлар асосида, қарорда белгиланганидек, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда нишонлаймиз.

Байрам тадбирларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни акс эттирадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маданий, маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади.

Вилоятнинг асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳри Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва унинг атрофидаги Алишер Навоий, Камол Ота Турк кўчаларида ташкил этилади. «Мўъжиза» амфитеатрида бадиий дастур намойиш қилинади. Бундан ташқари Қорасув массиви, Кимёгарлар қўрғони «Нурафшон» санъат саройи, Фарҳод шаҳарчасида ҳам байрам сайиллари ўтказилади.

18 март куни Самарқанд шаҳрида «Кабоб фестивали», 19 март куни эса Жомбой туманида улоқ-кўпкари мусобақаси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Байрам муносабати билан бозорлар ва аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо-ярмаркалари ишга туширилади.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида барча шаҳар ва қишлоқларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари, «Маҳалламга ниҳол экаман!» акцияси амалга оширилади.

Абдулазиз Йўлдошев,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер