«Навоийуран» ДК томонидан ўтказилган тендерда “McKinsey & Company” ғолиб топилди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон уран хомашёси ишлаб чиқариш ва унинг захиралари бўйича нафақат минтақамиз, балки дунёда етакчи ўринда туради. Инсоният энергетика истиқболини айнан стратегик хомашёлар билан боғлаётган шиддаткор замонамизда ушбу ноёб қазилма бойликни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда геология, қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларининг операцион самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, «Навоийуран» корхонасининг 2030 йилга қадар ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш трансформация жараёнларининг энг муҳим босқичларидан биридир. Ривожланиш стратегияси - бу белгиланган мақсадларга эришишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар режаси бўлиб, у турли вазиятларда ҳаракатлар алгоритмларини умумлаштиришда ва корхонанинг муваффақиятга эришишида муҳим аҳамиятга эга. Стратегия ёрдамида корхонанинг истиқболдаги ҳаракат йўналиши аниқ кўрсатиб берилади ва бу унинг рақобатбардошлигини таъминлайди.
— Мазкур йўналишда АҚШнинг “McKinsey & Company” ва “Boston Consulting Group” консалтинг компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди ҳамда компаниялар мутахассислари томонидан берилган тавсиялар асосида шартнома шартларини белгиловчи техник топшириқ лойиҳаси ишлаб чиқилди, ўрнатилган тартибда комплекс экспертизадан ўтказилди, — дейди «Навоий уран» ДК Бош директорининг трансформация жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари - лойиҳа офиси раҳбари Ҳасан Хайдаров. — Шу мақсадда тендер ўтказилиб, давлатимиз раҳбари қарорида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган халқаро консалтинг ва рекрутинг компаниялари билан музокаралар олиб борилди.
Тендер натижаларига кўра, “McKinsey & Company” ғолиб деб топилди ва корхона ушбу ғолиб консалтинг компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Ҳозирги кунда корхонанинг 2030 йилга қадар ривожланиш стратегиясини ва операцион самарадорлигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, “McKinsey & Company” 1926 йилда АҚШда ташкил этилган бўлиб, дунёдаги энг йирик консалтинг компанияларидан биридир. Бугунги кунда унинг 60 та давлатда офислари ва 9 минг нафар консультантлари бор.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг