“Навоийуран” давлат корхонасининг халқаро рейтинги янгиланди
“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг хорижий валютадаги узоқ муддатли суверен кредит рейтинги «BB-» даражасидан «BB» даражасига оширилди. Рейтинг бўйича прогнози — «Барқарор».
Рейтингнинг кўтарилиши давлатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар — макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлат корхоналари бошқарув самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг ижобий баҳоланишини акс эттиради.
— Шу иқтисодий ўзгаришлар замирида, жорий йил июнь ойи охирида “Навоийуран” давлат корхонаси халқаро молия бозорида 300 миллион доллар миқдоридаги еврооблигацияларни муваффақиятли жойлаштирди, — дейди “Навоийуран” ДК бош муҳандиси Анваржон Сапаров. — Ушбу операция халқаро инвесторлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва корхонамизнинг глобал капитал бозорларига интеграциясида муҳим қадам бўлди.
Ушбу ютуқ “Fitch Ratings” агентлиги томонидан “Навоийуран” давлат корхонаси сифатидаги рейтинги (GRE – Government-related Entity) бўйича қўллаб-қувватлаш кўрсаткичини 20 баллдан 30 баллгача ошириб, “кучли” (strong) тоифа билан баҳоланди.
Ушбу рейтинглар “Навоийуран” ДКнинг халқаро молия институтлари билан самарали ҳамкорлиги, молиявий интизоми ҳамда узоқ муддатли ва барқарор ривожланишга қаратилган стратегик мақсадлари мавжудлигини тасдиқлайди.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг