Навоийда қозоқ тилида таълим бериладиган мактаблар 67 тани ташкил этмоқда

15:45 21 Декабрь 2022 Жамият
804 0

Иллюстратив фото

Қадим-қадимдан қўшни яшаб, орзу-ҳавас, эртанги кундан умид ва мақсадлари қоришиб кетган ўзбек-қозоқ халқларининг тотувлиги, сўнгги йилларда давлатларимизнинг чинакам бир-бирига яқинлашгани ўзаро елкадошликда янги даврни бошлаб берди, десак муболаға эмас.

Ҳамжиҳатлик, жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлаш, ҳар бир шахсга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мамлакатимизда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Биргина Навоий вилоятини оладиган бўлсак, ҳудудда таълим олти тильда олиб борилиб, қозоқ тилига ихтисослашган мактаблар сони 67 тани ташкил этади.

— Мазкур умумтаълим мактабларида 8 минг 770 нафар ўғил-қиз таълим олиб, улар тўлиқ ўқув дарсликлари ва қарийб саксон мингга яқин бадиий адабиётлар билан таъминланган, — дейди Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шомуратов. — Биргина жорий йилнинг ўзида таълим қозоқ тилида олиб бориладиган умумтаълим мактабларидан бештаси реконструкция қилиниб, биттаси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Мазкур юмушларга 9 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари, хусусан, 2017 йил 29 сентябрдаги “ Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг олис чўл ҳудудлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 11 январдаги «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси натижасида алоҳида фанлар бўйича педагог кадрлар танқислигига деярли барҳам берилди.

— Педагог кадрлар таъминотининг яхшиланиши, олис ҳудудлар битирувчиларига имтиёзлар жорий этилиши туфайли биргина 2021-2022 ўқув йили битирувчиларимиздан 62,5 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирдилар, — дейди Томди туман халқ таълими бўлими мудири Мелс Бозорбоев. — Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоиз, дастлабки (2017 йил) имтиёзни қўлга киритган ўқувчиларимиз жорий ўқув йилидан таълим даргоҳларимизда ўз фаолиятини бошлашди. Келгуси йилдан эътиборан тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган талабаларимиз ҳам ўз овулларига қайтиб, халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилишга киришадилар.

Олис Томдида бу йил таълим қозоқ тилида олиб бориладиган умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан етти нафари турли танлов ва фан олимпиадаларида ғолиблар сафидан ўрин олишди. Чунончи, тумандаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 10- синф ўқувчиси Гулсая Калибаеванинг ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўтказилган асосий фан олимпиадаси вилоят босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллагани қувонарлидир.

Бугун Қизилқум кенгликларида истиқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб ватандошларимиз фарзандларининг замон талаблари асосида таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган хайрли ишлар ўз самарасини бермоқда. Бу янгиланишлар улар қалбида Ватанга муҳаббат, ўтаётган ҳар бир кундан розилик ҳисларини улғайтирмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер