Навоийда нарколаборатория ташкил этиб, сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди
Навоий вилояти ҳудудида олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлар давомида “Нарколаборатория“ ташкил қилиш ва гиёҳвандлик моддаларини сотиш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, Навоий шаҳар ИИБ ТҚХ ҳамда ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Навоий шаҳар ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 2000 йилда туғилган муқаддам судланмаган йигит 1.80 грамм “Гашиш” гиёҳвандлик моддасини 600.000 сўмга сотаётган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.
— Тезкор-қидирув тадбири давом эттирилганда мазкур гиёҳвандлик моддани у 2000 ҳамда 1999 йилда туғилган шахслардан олганлиги маълум бўлди, — дейди Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи Фаёзжон Қосимов. — Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида мазкур икки йигит ёнида 8 та ампулада гашиш мойи ва фольга қоғозига ўралган 10 дона 6 грамм гашиш гиёҳвандлик моддалари билан бирга қўлга олинди. Аниқланишича, улар телеграм ижтимоий тармоғидаги бот орқали таъминотчи сифатида хизмат олиб борган, вазифаси эса шаҳар ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини мижоз билан учрашмаган ҳолда эгаларига етказишдан иборат бўлган.

Наркокурьер жиноий гуруҳининг 2000 йилда туғилган аъзоси жорий йилнинг 4 январ куни махсус телеграм бот орқали гуруҳга қўшилган, гиёҳванд моддасини қайта ишлаш ва тайёрлаш бўйича махсус онлайн дарсларида малака орттириб, бот раҳбарининг йўл-йўриғи билан ўзининг яшаш хонадонидан нарколаборатория ташкил қилган.
Тадбир давомида улар томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик моддалари жойлаштирилган локация манзиллари аниқланиб, у ерда 2 та ампулада гашиш мойи қолдириб кетилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари уларнинг яшаш хонадонларида давом эттирилди. Унда 34 дона изотасмалар билан қадоқланган гашиш, жами 1 кг 477 грамм гашиш ҳосилалари ҳамда қўлбола усулда тайёрлаш ва қадоқлаш учун ишлатиладиган буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Жиноий гуруҳ шу кунга қадар 1000дан ортиқ локацияларга заҳриқотил жойлаштирган бўлиб, яна қиймати 1 млрд 220 млн сўмга тенг, 2 кг 500 грам гашиш моддасини белгиланган манзилларга етказиб беришни режа қилган. Ходимларнинг саъй-ҳаракати билан юзлаб балки минглаб инсонлар оғу гирдобидан сақланган, десак муболаға бўлмайди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273- моддаси 4- банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг