Навоийда мактаб қоровули калтакланиб, «ўлар ҳолда» ташлаб кетилди

20:57 14 Март 2025 Жамият
680 0

Видеодан кадр: «Халқ сўзи»

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Хатирчи туманида мажбурий меҳнатга жалб қилинган мактаб қоровули аёвсиз калтакланиб, тоғга ташлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур воқеа жорий йилнинг 6 февраль куни Хатирчи тумани «Янги қурилиш» МФЙдаги 43-мактабнинг қоровули Ш.Х. ҳамда ўт ёқувчиси Ж.О. ўртасида, мактабдан ташқари ҳудудда юз берган.

«Qalampir.uz» нашрининг ёзишича, ҳодиса содир бўлган куни мактабнинг бир гуруҳ ходимлари иш вақтида директор томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилиб, қум ортиш учун тоғли ҳудудга олиб борилган.

Тоғда кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилган фуқаролар ўртасида жанжал юзага келган ва қоровулнинг бош қисмига темир белкурак билан бир неча бор уриб, уни ўша ерга ташлаб кетишган.

«Айни вақтда беморнинг ҳолати яхши», дейилади Навоий вилояти ММТБ хабарида.

Бошқарма ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу ҳолатдан сўнг, мактаб директори ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер