Навоийда ишсизларни хатловдан ўтказиш ва улар билан ишлаш бўйича янги платформа ишга туширилди
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 25 ноябрда Навоий вилоятига ташрифи чоғида вилоятни намунавий ҳудудга айлантириш бўйича бир қатор янги ташаббусларни илгари суриб, ҳоким ва барча сектор раҳбарларига ушбу ташаббусларни амалга ошириш орқали бир йил давомида вилоятни ишсизлик ва камбағаллик тўлиқ бартараф этилган ҳудудга айлантириш юзасидан топшириқлар берган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги банд бўлмаган фуқароларни хатловдан ўтказиш бўйича янги электрон платформа яратилиб, жорий йил февраль ойининг илк кунларидан бошлаб ишга туширилди.
Платформа шахс ҳақида киритилган маълумотларга асосан, ўз-ўзидан банд бўлмаган аҳолининг сонини ҳамда аёллар, эркаклар ва ёшлар бўйича ажратиб беради.
Янги тизимга ишсизларнинг рўйхатини ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари киритади ва фуқаро ишга жойлаштирилганда, платформага бу ҳақдаги ишга қабул қилувчининг буйруғини бириктиради. Бу жараённи ўша ҳудуд бўйича сектор раҳбари таҳлил қилиб, ҳаққоний иш билан банд этилган бўлса, тасдиқлаш тугмасини босади.
Шунингдек, платформада аҳолини қайси соҳа ва йўналиш бўйича банд этилгани ҳақида 10 га яқин, жумладан, тоифаларга кўра «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» рўйхатида турувчи аҳоли ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилган бўлиб, бу, албатта, ҳоким ёрдамчилари ва сектор раҳбарлари учун энг аввало уларни ишга жойлаштириш устувор эканини англатади.
Янги тизимда ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳақида ҳам маълумотлар шакллантирилган бўлиб, уларнинг фаолияти солиқ идоралари берган ҳисоботлар билан солиштирилиб борилади ва таҳлили юритилади.
Ушбу тизимнинг афзаллиги шундан иборатки, вилоятда банд бўлмаган аҳолининг сонини камайтириш мақсадида ҳар бир ишсиз фуқаро билан индивидуал ишланади.
– Айни пайтда ушбу платформанинг биринчи босқичи ишлари якунланди ва тизимдан ҳозирги кунда вилоят ҳудудларидаги сектор раҳбарлари ва маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари фойдаланмоқда, – дейди вилоят «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш» ДУК раҳбари Хуршид Фармонов. – Яъни, бу босқичда ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудларидаги банд бўлмаган фуқароларни хатловдан ўтказиб, уларни тегишлилиги бўйича платформага киритади. Ўша ҳудуд сектори раҳбари билан ҳар бир фуқаронинг иш билан таъминлаш бўйича ишлайди ҳамда ишга қабул қилинган шахсларини асослантирилган ҳужжатлар билан тизимга бириктиради.
Янги платформанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши ушбу тизимнинг барча учун очиқ бўлишини таъминлайди. Яъни, исталган фуқаро, агар у Навоий вилояти ҳудудида истиқомат қилаётган ва ишсиз бўлса, платформада белгиланган жойга ўз исми-шарифини ҳамда паспорт серияси ва рақамини киритиб, иш излаши мумкин бўлади. Агар у ҳоким ёрдамчилари томонидан платформага киритилган бўлса, ўзи ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаши мумкин бўлади ҳамда унга мутахассислиги бўйича иш таклиф қилинади. Мабодо у ишсиз бўлсаю, ушбу тизим орқали рўйхатга олинмаган бўлса, қўшимча саволлар (яъни, паспорт маълумотлари, мутахассислиги, ёши ва ҳ.к.)га жавоб бериш орқали фуқаронинг ўзи платформага маълумотларни киритиб, иш излаш имкониятига эга бўлади. Бунда фуқаронинг қайси шаҳар ёки туманда истиқомат қилиши, жинси, ёши ва мутахассислигидан келиб чиқиб, тизимнинг ўзи унга бўш иш ўринларини таклиф қилади.
Таъкидлаш жоизки, вилоят раҳбарининг ташаббуси билан яратилган ушбу платформа аввало ҳудуддаги банд бўлмаган фуқаролар учун яқин кўмакчи бўлади, деб бемалол айтиш мумкин. Қолаверса, бу тизим вилоятдаги ишсиз фуқаролар сонининг ортаётгани ёки камаяётганини, шунингдек, банд бўлмаган аҳоли билан ишлаётган ҳудуд сектори раҳбари ва маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг фаолиятини мониторинг қилиб бориш имконини ҳам беради.
Бектемир Пирнафасов, Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг