Навоийда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти кенгаймоқда

17:54 15 Февраль 2024 Жамият
658 0

Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида илгари турли вазирликлар таркибида тарқоқ фаолият юритаётган ижтимоий хизматлар бирлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, Агентликнинг вилоят бошқармалари, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.

Марказлар томонидан аҳолининг муаммолари маҳалла даражасида ҳал этилиб, ёрдамга муҳтож аҳолининг ижтимоийлашувига ёрдам берилмоқда. Бунга Ғозғон шаҳрининг Тумар маҳалласида истиқомат қилувчи Нурбек Асатовнинг тақдир яққол мисол бўла олади.

— Бахтсиз ҳодиса туфайли оёқларим бўйсунмай қолди, — дейди Н. Асатов. — Уйга михланиб, жамоадан ажралиб қолган эдим. Марказ томонидан электрон ногиронлик аравачаси билан таъминланиб, вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида даволандим. Бугун хонадонимда енгил пайвандлаш ишларини бажариб, элнинг корига яраяпман. Энг муҳими, яна кўпга қўшиладиган, баҳоли қудрат оиламга фойда келтирадиган бўлдим.

Ғозғон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан шу кунга қадар 5 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиб, уларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди. Шаҳар маданият марказида тўгарак раҳбари сифатида иш бошлаган Шуҳрат Ҳамроев шулардан бири бўлса, яна бири Сирож Раҳмонов сангтарошлик ҳунарини ўрганиб, оиласи бюджетини қўшимча даромад билан бойитмоқда.

Жорий йилда Ғозғон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан 15 та кейс очилган бўлиб, 5 таси фуқароларнинг ижтимоийлашуви таъминлангандан сўнг ёпилди. Жараёндаги 10 та кейс бўйича эса 49 турдаги ижтимоий хизматлар орқали мурожаатларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер