Навоийда билимлар куни

14:39 04 Сентябр 2019 Жамият
1902 0

Навоий вилояти марказидан 400 километр олисликдаги 11- умумий ўрта таълим мактабида ҳоким “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” мавзуси янги ўқув йилининг биринчи дарсини ўтди.

Ушбу илм даргоҳи Қизилқум шимоли Учқудуқ туманининг Мингбулоқ овулида жойлашган.

Туман ҳокими мактаб ўқувчиларини янги ўқув йили билан қутлаб, Мустақилликдек улуғ неъматнинг қадрига етиш, мамлакатимизда истиқлол йиллари, хусусан сўнгги уч йилда эришилган ютуқлар, таълим тизимидаги ислоҳотлар самарасига атрофлича тўхталди.

- Мамлакатимизни-ку қўя турайлик, туманимизда кейинги йилларда амалга оширилган ишларнинг ўзини бир дарс ҳажмига жамлаш ниҳоятда мушкул, - дейди туман ҳокими Соли Ҳамроев. – Шу боис мамлакатимиз раҳбарининг биз ҳокимларга ҳафтада уч маротаба мактабларда дарс ўтиш топшириғи чинакам ҳаётий эканлигини ҳис этдим.

Дарс ниҳоясида мактаб остонасига илк бор қадам қўйган ўқувчиларга “Президент совғаси” топширилди.

Дарвоқе, шу куни вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларига 17598 нафар бола 1-синфга қабул қилиниб, барчасига ўқув дарсликлари ва қуролларидан иборат “Президент совғаси”тарқатилди.

Мазкур тадбир вилоятдаги 365 та умумий ўрта таълим мактабида кўтаринки руҳда ўтказилиб, уларда 51 нафар вилоят ҳамда туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда вилоят корхона ва ташкилотларининг ва маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари иштирок этдилар.

Хусусан, вилоят ҳокими К.Турсунов Кармана тумани 21-умумий ўрта таълим мактабига, вилоят прокурори Ш.Аминов Қизилтепа тумани 21-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, мустақиллик дарсларини ўтдилар.

Мустақиллик дарсларида Республикамиз Президентининг 5 ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача ривожланиш Концепциясини мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдиришга, шунингдек, ўқувчиларни 2019-2020 ўқув йилида янги ютуқларга руҳлантирувчи маъруза ва слайдлар ҳавола этилди.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер