Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов II Жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳолидан хабар олди
Юртимизда Президентимиз раҳбарлигида эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Байрам кунларида вилоятимиздаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам кўрсатиш каби хайрия тадбирлари оммавий ҳаракатга айланиб бораётгани қувонарлидир.
Хусусан, бугун ушбу байрам муносабати билан вилоят ҳокими Нормат Турсунов Қизилтепа туманида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Рашида ая Ишкулова ва Шукур бобо Хомитовлар хонадонларида бўлиб, қаҳрамонларнинг ҳолидан хабар олди.
Суҳбат жараёнида Рашида Ишкулова 1943 йилда урушга кетгани, «Маршал Ракасовский» 36920-ҳарбий фронт госпиталида ҳамшира бўлиб, аскарларга жанг пайтида тиббий ёрдам кўрсатгани ҳамда 1943-45 йилларда Германия остонаси Берлин шаҳригача ҳарбий ҳамшира сифатида хизмат вазифасини ўтагани ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

Бугунги кунда онахон 4 нафар фарзандни тарбиялаб, фарзандлар ардоғида, юртимиз қаҳрамони сифатида доим эъзозда эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, вилоят раҳбари туманга ташрифи чоғида Шукур Ҳомитов ҳолидан ҳам хабар олди.
1942 йилда Украина фронтига урушга кетган, 7- ва 5-ўқчи полкида мерган бўлиб жанг қилган. 1943 йилда ярадор бўлиб, 3641-ҳарбий госпиталида даволанган ҳамда 1945 йилда фронтдан қайтган қаҳрамонимиз 7 нафар фарзандни тарбиялаб, тинчлик-хотиржамлик ва шукроналикда умргузаронлик қилмоқда.
Ташрифлар жараёнида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини байрам билан табриклаб, ҳол-аҳвол сўралди. Уларга пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг