Навоий шаҳрида “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” ўтказилди
Унда 200 дан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг 3500 га яқин импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган турли жиҳоз ва ускуналар намуналари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқдалар.
— Корхонамизга 2018 йилда асос солинган бўлиб, жамоамизда ҳозирги кунда 50 нафар киши меҳнат қилмоқда, — дейди Фарғона вилоятидан ташриф буюрган тадбиркор Обиджон Зокиров. — Саноат корхоналари учун ҳаво фильтрлари ишлаб чиқарамиз. Жорий йилда “Сooperation.uz” портали орқали 10 миллиард сўмлик маҳсулотни сотишга муваффақ бўлдик.
Ярмарканинг очилиш тантаналарида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Республикамиз Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, импорт ҳажмини оптималлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишларга Навоий вилояти мисолида эътибор қаратди.

Таъкидланишича, вилоятда маҳаллийлаштириш дастури доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йили 1,5 бараварга оширилиб, жорий йилда бу кўрсаткични 1,6 бараварга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, вилоятдаги саноат корхоналарининг ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлари ҳамда “шатакка олиш” механизми бўйича тармоқ корхоналар томонидан кичик корхоналар қўллаб-қувватланаётганлиги ҳисобига, 2022 йилда корхоналар ўртасида 2,1 триллион сўмлик маҳсулотлар савдоси амалга оширилган. Жорий йил якуни ҳамда 2024 йил учун режалаштирилган лойиҳалар ҳисобига ҳудудий маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмини ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга, ўзаро кооперация алоқалари ҳисобига товарлар сотилишини 2 баробарга ва саноат маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини эса 30 фоизга кўпайтириш белгиланган.
Таъкидлаш жоиз, икки кун давом этадиган мазкур ярмаркада саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган тақдимотлар ҳамда учрашувлар ўтказилди.
Энг муҳими, ярмаркада саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлишади.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг