Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида халқаро инглиз тили таълим лойиҳаси жорий этилди
Мамлакатимиз олий таълим тизимида интеграллашувни чуқурлаштириш, халқаро меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнини такомиллаштириш ҳамда илмий-методик базани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда олий таълим муассасаларига сифатни таъминлаш ва уни узлуксиз яхшилаш механизмларини жорий этишда муайян мустақиллик ва имкониятлар яратилмоқда.
Бу борада Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида жорий этилган АҚШнинг «World Learning, Inc.» нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган инглиз тили таълим лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этмоқда.
— Ушбу лойиҳа «World Learning, Inc.» ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда, — дейди университет ректори Бахтиёр Мардонов. — Лойиҳа доирасида 2025 йил 10–20 ноябрь кунлари офлайн ўқув курслари ташкил этилди. Унда университетимиз ҳамда «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖдан 30 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиб, ўқувларни муваффақиятли якунлади ва тегишли сертификатларга эга бўлди.
Лойиҳанинг кейинги босқичида ўқув курслари 15 февралдан 2 майгача онлайн шаклда давом эттирилади. Машғулотларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш мақсадида лойиҳанинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда халқаро нотижорат ташкилот вакиллари иштирокида махсус семинар ўтказилди.
Дастурнинг асосий мақсади — Ўзбекистон бўйлаб 500 нафаргача кон саноати мутахассислари, олимлар ҳамда кончилик йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун аниқ манзилли эҳтиёжларга мос инглиз тили таълимини тақдим этишдан иборат.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг