Навбаҳор туманида бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайловни ташкил этиш бўйича ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилди

16:15 02 Февраль 2026 Жамият
444 0

Республика Марказий сайлов комиссиясининг 2026 йил 13 январдаги «Айрим бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловини тайинлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навбаҳор туманининг 14-Қурама сайлов округида бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов ўтказувчи 349 ва 350-участка сайлов комиссиялари аъзолари учун «Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши учун бўшаб қолган ўринларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш» мавзусида ўқув-амалиёт машғулоти ўтказилди.

— Ушбу семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ўқув-амалиёт машғулотлари иштирокчиларининг бўшаб қолган ўринларга халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари сайловини ўтказиш тартиби ва ўзига хос жиҳатлари бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, сайлов жараёнларини амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ташкил этишни таъминлашдан иборат, — деди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Гулноз Аслонова.

Шу асосда машғулотлар давомида сайловни ташкил этишга оид муҳим масалалар, жумладан, участка сайлов комиссияси учун ажратилган биноларга қўйиладиган талаблар ва уларни жиҳозлаш тартиби, сайловчилар рўйхатини шакллантириш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш жараёнини қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказиш ҳамда сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик масалалари юзасидан назарий билимлар берилди.

Машғулотларнинг амалий қисмида эса иштирокчилар сайлов куни овоз бериш бошланишидан олдин участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни белгилаш, сайлов натижаларини эълон қилиш ҳамда сайлов ҳужжатларини белгиланган тартибда архивга топшириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер