НАТО бош котиби Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш хавфини баҳолади
Фото: Reuters
НАТО бош котиби Столтенберг Россиянинг Украинага ядровий зарба бериш хавфи унчалик катта эмаслигини айтди.
Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш хавфи кичик, аммо НАТО бунга жиддий қарамоқда. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг айтиб ўтди.
«Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш хавфи кичик, аммо оқибатлари жуда катта, шунинг учун биз бунга жуда жиддий қараймиз», деди Бош котиб. У Москвани эҳтиётсизлик ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатларда айблади. Унинг фикрича, ядро қуролидан фойдаланиш можаронинг моҳиятини ўзгартиради.
«Ядро урушида ғолиблар бўлмайди. Биз буни Россияга аниқ етказдик. Россиянинг ядровий позицияси ўзгармади», дейди Столтенберг.
Аввалроқ «Катта еттилик» давлатлари Россиянинг риторикасини қоралаб, уни Украина ҳудудида ядро қуроли қўлланилса, оқибатлари ҳақида огоҳлантиргани хабар қилинганди.
«Россия томонидан кимёвий, биологик ёки ядровий қуроллардан ҳар қандай фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келади», дейилади G7 баёнотида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг