Наманганда туман бош архитектори 1000 доллар пора билан ушланди
Видеодан кадр
Наманган вилоятида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори 1000 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган тумани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори маҳаллий оилавий корхона раҳбари томонидан ўз яшаш хонадонининг бир қисмида қурилган автомобиллар ювиш шохобчасининг лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ҳамда уни тасарруф этиш бўйича қўйилган тақиқни бекор қилиб бериш эвазига 1,5 минг доллар талаб қилган. Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрель куни у 500 долларни олиб, қолган қисмини тезлаштириб беришини сўраган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс 1000 долларни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланган.
Маълум бўлишича, оилавий корхона раҳбари автомобиллар ювиш шохобчасини лойиҳа ҳужжатларисиз қурганлиги юзасидан 2025 йилнинг декабрь ойида бош архитектор томонидан тузилган далолатнома асосида суд тайинлаган 43 млн 300 минг сўм миқдоридаги жаримани тўлаган. Лекин шунга қарамай, бош архитектор унга қонуний ечим кўрсатмай, аксинча коррупцион ҳаракатларни амалга оширган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қонунбузар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг