Наманганда ўтказилган халқаро кўргазмада мингдан ортиқ зотдор ҳайвон ва паррандалар намойиш қилинди

18:10 23 Ноябрь 2023 Жамият
315 0

Фото: “Халқ сўзи”

Янги Наманган туманидаги “Ёшлик барака” бозорида ташкил этилган биринчи кўргазма ўз кўлами билан кўпчиликни ҳайратга солди. Боиси, тадбирга 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар мингдан кўпроқ зотдор ҳайвон ва ноёб паррандаларини олиб келишган эди. Уларни ўз кўзи билан кўриш мақсадида ташриф буюрган томошабинлар сони эса 30 мингдан ортди.

— Гуллар шаҳрида сайёҳларни жалб этувчи нуфузли тадбирлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, — деди очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. — Бугунги кўргазма ҳам чорвачилик ва паррандачилик бўйича ўзаро тажриба алмашиш, соҳага илмий ёндашувларни олиб кириш, энг муҳими, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда юқори сифатли гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Бозор ҳудудида ўрнатилган вақтинчалик қўралардан ўрин олган кўргазмаларда вазни 1000 килограммдан ошадиган зотдор новвосдан тортиб, 250 кило тош босадиган ҳисори қўйларгача бор. Кўрган кишининг ҳавасини келтирадиган чопағон отлар, парҳез гўшти учун парваришланаётган қуён ва эчки, туяқуш, наслли товуқ ҳамда беданалар, камалакранг патли товуслар намойиши ишқибозларни ўз атрофига жамлади.

— Зотдор қўйлар парвариши оиламизнинг энг севимли юмуши ва айни пайтда даромадли бизнесига айланган, — дейди вилоят марказида истиқомат қилувчи Латифжон Мирзабоев. — Ҳовлимиздаги қўрада ҳамиша 50- 60 бошга яқин Арашан, Ҳисор зотлилари бўлади. Тирик вазни 150 килодан 250 килогача бўлган гўштдор қўйларимиз билан Қирғизистон Республикасида ўтказилган кўргазмада иштирок этиб, совринли ўринни қўлга киритганмиз. Энди шаҳримизда ҳам ушбу йўналишдаги тадбирнинг йўлга қўйилиши айни муддао бўлди, тажриба алмашамиз, соҳани янада ривожлантириш масалалари ечим топади.

Янгиқўрғон туманидаги “Боғи омор марва” ихтисослашган фермер хўжалиги соҳиби Муҳиддин Абдуллаевнинг кўргазмага олиб келган “Цементал” зотли новвоси 1,5 тоннадан кўпроқ вазнга эга экан. Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Болакай” фермер хўжалигидан келтирилган зотдор эчкилар ҳам томошабинлар эътиборини тортди. Кунига 5-6 литрдан сут берадиган бу маҳсулдор жонзотлар парваришининг ўзига ҳос жиҳатлари ҳақида фермер Қудратилла Файзуллаев атрофдагиларга гапириб берли.Унинг эчкиларидан бири шу куни эгиз улоқ қилди.

Кеча оқшомга қадар давом этган кўргазма иштирокчилари юртимизда чорвачилик соҳасига татбиқ этилаётган янгиликлар, зотдор ҳайвонлар парвариши усталарининг илғор тажрибалари билан яқиндан танишдилар. Пировардида, “Энг зотдор қўй”, “Энг зотдор от”, “Энг зотдор новвос” номинациялари бўйича кўргазмага қўйган чорва ҳайвонлари билан ғолибликни қўлга киритган Акрамжон Машрабов, Акмалжон Юсупов, Носиржон Ражаббоевларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди. Кейинги ўрин соҳиблари ва кўргазманинг фаол ташкилотчиларига ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.

                                                      Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер