Наманганда ўқувчидан қайтариб олинган ноутбук ортидан мактаб директори ва синф раҳбари ишдан олинди
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Норин туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси Муроджон Эргашалиевга берилган ноутбук мактаб ўқитувчилари томонидан қайтариб олинганлиги юзасидан хабарлар тарқалди. Бу ҳақда Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилиб, шу куннинг ўзида ноутбук Эргашалиевга қайтариб берилган ва шу ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирилган. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Норин туман халқ таълими бўлими ҳамда 1-сонли мактаб фаолияти юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, Норин туман 1-сонли мактаб директори Нозимжон Хусанов, синф раҳбари Санобар Хожимуродова эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Юқоридаги ҳолат бўйича, камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли Норин туман халқ таълими бўлими мудири Жавлонбек Нурмухаммадовдан тушунтириш хати олиниб, тегишли интизомий жазо чораси қўллаш бўйича Халқ таълими вазирига хат киритилган.
Олдинроқ, Самарқандда ИТ-танловда биринчи ўринни олган ўқувчига эски ноутбук совға қилингани ортидан туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг