Наманганда матбуот ва ОАВ ходимлари куни кенг нишонланди

20:16 26 Июнь 2023 Жамият
914 0

Фото: «Халқ сўзи»

27 июнь – матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида ташкил этилган тадбир чинакам байрамга айланди. Унда босма нашрлар, телевидение ижодкорлари, ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерларнинг 200 га яқин вакиллари жам бўлишди. Маросимда иштирок этган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов шарафли касб эгаларини қизғин табриклаб, уларнинг меҳнатини эътироф этди.

— Бугунги кунда сўз эркинлигидан фойдаланиб, халқимиз дардига дармон бўлаётган ОАВ ходимларининг тарғибот ва ташвиқот соҳасидаги фаолияти ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ, — деди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати етакчи мутахассиси Раҳмонжон Мамадалиев. – Уларнинг минтақа иқтисодий ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги кенг кўламли фаолияти ислоҳотларга жўшқинлик бағишламоқда. Бу, масалан, яқиндагина ниҳоясига етган 62-Халқаро гуллар фестивали чоғида яна бир карра ўз тасдиғини топди. Бир ой давом этган нафосат анжуманига 6 миллиондан ортиқ меҳмон ташриф буюриб, мафтункор манзаралар, серзавқ томошалардан баҳра олишда айни ОАВ ва ижтимоий тармоқлар тарғиботи муҳим омил бўлди.

Айтиш лозимки, вилоятда соҳа ходимларининг масъулиятли меҳнати доимий эътиборда. Буни, жумладан, жойларда уларга қулай меҳнат ва ижодий шароит яратиш бўйича амалий ишлар кўлами ортаётганида ҳам кўриш мумкин. Биргина мисол, Наманган шаҳридаги қурилганидан буён деярли таъмир кўрмаган “Матбуот уйи” жорий йил бошида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, муҳташам кошона кўринишини олди. Ижодий кучлар жамланган бу бинода вилоятнинг икки газетаси таҳририяти, республика ОАВ вакиллари, нашриёт, интернет нашрлари муҳаррирлари самарали фаолият кўрсатишмоқда.

Байрам тантанасида вилоят медиа майдонидаги фаол иштироки, хусусан, амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритишдаги ташаббускорлиги, шунингдек, жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасидаги фидокорона меҳнатлари учун бир қатор фахрий журналистлар, фаол матбуотчи   ҳамда блогерлар ҳокимликнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

                                                                Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер