Наманганда халқаро улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Азалдан уста чавандозлар юрти бўлган Наманганда от спортига эътибор баланд. Буни вилоят маркази ва туманларда унинг оммалашуви йил сайин кенг миқёс олаётганлиги ҳам тасдиқлайди. 24-26 март кунлари Миллий гвардиянинг вилоятдаги чавандозлар мактабида улоқ-кўпкари бўйича ўтказилган IV халқаро турнирда полвонлар от ўйнатиб, маҳоратларини яна бир карра намойиш қилдилар. Уч кун давом мусобақада Ўзбекистоннинг икки жамоаси ҳамда Россия, Қозоғистон, Тожикистон чавандозлари майдонга тушди.

— От ўйнатган полвонлар баҳси муросасизлиги билан қизиқ, — дейди Наманган вилояти спорт бошқармаси бош мутахассиси Бекзод Нуриддинов. — Таъбир жоиз бўлса, шу куни майдоннинг ҳар қаричида кураш қизиди. Айни жараёнда иштирокчи давлатлардан тайинланган халқаро даражадаги ҳакамларга ҳам осон бўлмади. Ўзбекистон 1 ва 2-жамоалари мусобақа фаворитлари бўлган Қозоғистон ва Тожикистон чавандозларини мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди. Якунда Миллий гвардия чавандозлар мактаблари тарбияланувчиларидан ташкил топган Ўзбекистон-1 жамоаси мутлақ устунликка эришди. Кейинги фахрли ўринларни эса Ўзбекистон-2 ва Қозоғистон жамоалари эгаллади.

Турнирнинг тақдирлаш маросимида ташкилотчилар — Миллий гвардия қўмондонлиги, Спорт вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси раҳбарлари ҳозир бўлди. Ғолибларга эгаллаган ўринларига қараб 100 миллион, 75 миллион ва 50 миллион сўм пул мукофотлари, медаль ҳамда кубоклар тантанали равишда топширилди. Чавандозлар алоҳида номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг