Наманганда “Кексалар туризм ойлиги” муваффақиятли амалга оширилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан юртимизда 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилмоқда.
Мазкур хайрли лойиҳа орқали ўзгалар парваришига муҳтож, якка ёлғиз яшовчи фуқаролар ҳамда ижтимоий ҳимояга олинган ногиронлиги бўлган шахслар учун агентликнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ҳам диққатга сазовор манзилларга саёҳатлар ташкил этилмоқда. Куни кеча Чортоқ, Давлатобод, Поп, Чуст, Косонсой туманларида истиқомат қилувчи 130 нафар фуқаро Чортоқ туманидаги “Биби Наима” ва “Султон Увайс Қароний” мажмуаларига ташриф буюришди.

Узоқ йиллик тарихга эга “Султон Увайс Қароний” мажмуаси ўзининг рамзий дарвозаси, маҳобатли мақбара, масжид, музей, кунгурадор айвон ва кутубхонаси билан кишини жалб этади. Унинг музейида сақланаётган ҳажм жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда турувчи Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхаси айниқса, эътиборни тортади. Саёҳатга келган отахон ва онахонлар табаррук маскан билан танишувдан унутилмас таассурот олдилар. Шу куни Чортоқ туманида ташкил этилган тушлик, 14- болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижросидаги “Бир замон – бир Ватан фарзандларимиз” маданий-маърифий дастури меҳмонларга яхши кайфият бағишлади.
— Уйда ўтириб қолган эканмиз, бугунги саёҳатдан кўнгилларингиз яйради, — дейди қувончи ичига сиғмай турган Башорат она Маҳмудова. — Вилоятимизда бу сингари обод зиёратгоҳларга биз сингари нуронийларнинг ташкилий равишда олиб келинаётгани яна ҳам яхши.

“Кексалар туризм ойлиги” доирасидаги мазмунли саёҳатлар вилоятдаги “Ахсикент” тарихий ёдгорлиги, Исъҳоқхон Ибрат мажмуаси, “Балиқликўл” зиёратгоҳи сингари манзилларга ҳам ташкил этилмоқда. Ҳозирга қадар уч мингдан зиёд нуронийлар, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакиллари мазкур йўналишларда маданий ҳордиқ чиқариш имкониятидан баҳраманд бўлдилар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг