Наманганда икки нафар сув таъминоти ходими калтакланди
Фото: Иллюстратив фото
Воқеа кеча Учқўрғон туманида рўй берди. Ичимлик сувидан 3 миллион сўмга яқин қарздор бўлган “Бахтли авлод” хусусий мактабгача таълим ташкилотида ушбу маблағни тўлашни талаб қилиб келган сув таъминоти корхонаси ходимларини кутилмаган “сюрприз” билан қарши олишди. Хизмат вазифасини бажараётган икки нафар сувсоз ҳе йўқ, бе йўқ МТТ эгалари ва уларга қарашли одамлар томонидан кўпчилик бўлиб калтакка тутилди.
— Дўппосланган назоратчиларимиз бош, бўйин ва қорин қисмларида оғриқ билан туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлимига олиб келинган, —дейди “Наманган сув таъминоти” МЧЖ масъул ходими Тоирбек Комилжонов. —Ҳозирда ходимларнинг саломатлиги шифокорлар назоратида.
Иш берувчи ташкилот ўз ходимларига кўрсатилган ғайриқонуний ҳаракатлар бўйича баҳо беришни сўраб ҳуқуқ идораларига мурожаат қилди. Айбдорлар жазосини олиши табиий. Бироқ шу ўринда ҳақли савол туғилади? Наҳотки, болалар тарбияси билан шуғулланишдек масъулиятли юмуш шундай зўравонларга қолган бўлса.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг