Наманганда дўл ёғиб, сел келди
Бугун ёз чилласининг ўртасида Наманганнинг шимолида жойлашган Косонсой шаҳрида бир қатор табиат ҳодисалари кузатилди. Бу ерда қоқ тушда аввалига дўл ёға бошлади. Яқин ўн дақиқа давом этган ёғингарчилик фақатгина шаҳарнинг Обод, Жар ва Олмазор маҳаллаларидагина юз бериб, осмондан тушган ёнғоқдай дўл доначалари ҳовлилардаги томорқа ва токзорларга жиддий зарар етказди, узум мевалари тўкилиб, дарахтлар барги узилиб тушди.
Хабарларга қараганда, табиат инжиқлиги бу билан тўхтаб қолмай дўл орқасидан Косонсой сойини тўлдириб келган сел кўпчиликни шошириб қўйди. Баъзи жойларда кучли оқим домига тушиб қолган одамлар қутқариб қолинганлиги айтилмоқда. Айни пайтда шаҳар маҳаллалари ичига ҳам кириб борган сел сувларини бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар хизмати кучлари тезкорлик билан ёрдам кўрсатмоқда.
Косонсойдаги сингари йирик дўл доналари қўшни Янгиқўрғон туманининг Исковот қишлоғида ҳам ёғиб ўтганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг