Наманган вилоятида ноқонуний тамаки савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент
Наманган вилоятида ноқонуний тамаки маҳсулотларини савдо қилиш билан шуғулланган шахсларга қарши тезкор тадбирлар ўтказилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Поп тумани бўлими ва «Қамчиқ» ЙПХ маскани ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида фуқаро О.Х. (муқаддам судланган) бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Текширув натижасида хорижда ишлаб чиқарилган ва акциз маркасига эга бўлмаган 2 220 қути тамаки маҳсулотларини Тошкент шаҳрига олиб кетаётганлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, Департаментнинг Наманган тумани бўлими томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, ноқонуний тамаки савдоси билан шуғулланиб келган М.М. ва А.С. фуқаро Б.Ш.га 1 500 қути тамаки маҳсулотларини 2 880 АҚШ долларига сотган пайтда қўлга олинди. Ашёвий далил сифатида барча маҳсулотлар олиб қўйилди.
Тезкор тадбир давомида М.М. ва А.С. билан бирга келган фуқаро Н.С.нинг бошқарувидаги автомашина ҳам кўздан кечирилди. Текширув натижасида автомашина юкхонасида 500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Жами 2 000 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Уларнинг умумий баҳоси 64 миллион сўмни ташкил этди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) асосида жиноят ишлари қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқаролардан қонунбузарлик ҳолатларини олдини олиш ва ноқонуний маҳсулотлар савдосига қарши курашиш мақсадида огоҳликни оширишни сўрамоқда. Шу билан бирга, бундай ҳолатларни тез фурсатда тегишли органларга хабар қилиш зарурлиги таъкидланмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг