Наманган театрида янги асарлар премьераси
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган вилоят мусиқали драма театри ўзининг 93-мавсумини янги асарлар премьераси билан бошлади. Ижодий жамоа яқинда саҳналаштирган Уйғуннинг «Зебунисо» пьесаси асосида қайта ишланган драма ва Ҳайдар Муҳаммаднинг ўзбек халқ эртаклари негизидаги «Ҳазилкаш шоҳ» эртак-комедияси илк тақдимотдаёқ томошабинларни ўзига жалб этгани яққол сезилиб турди.

Бу энг аввало, ҳар икки спектаклдаги актёрларнинг ижро маҳорати, қолаверса, саҳнанинг асар воқеаларига мос равишда усталик билан безатилгани натижаси, дея баҳоласа тўғри бўлади. Янги мавсумни очиб берган спектакллар намойишига кирган томошабинлар сони дастлабки куннинг ўзида 500 кишидан ортгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
— Вилоятимиздаги давлат муассасалари, бошқа меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ҳар ойнинг бир санаси «Театр куни» сифатида белгилаб қўйилганлиги санъатнинг ушбу турига иштиёқманд ҳамюртларимиз сафини тобора кенгайтирмоқда, — дейди театр директорининг ўринбосари Нуриддинхўжа Абдулҳамидов. — Уларга намойиш этадиган спектаклларимиз етарли — айни пайтда репертуаримизда 20 дан зиёд асарлар бор.

Айтиш лозимки, театрнинг сентябрь ойи учун томошалар портфелида асосан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан берилган буюртмалар кўпроқ. Олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари ҳамда шифохоналар маъмуриятлари ўз ишчи-хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари бўш вақтини ибратхонадаги маънавий ҳордиқ билан тўлдиришни кўзда тутишган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг