Наманган шаҳрини озода сақлаш учун рақамлаштирилган технологиялардан фойдаланилмоқда

16:17 02 Ноябрь 2023 Жамият
171 0

Фото: “Халқ сўзи”

Айрим фуқароларнинг тунги вақтларда кўзни шамғалат қилиб йўл бўйлари ва ариқлар ёқасига чиқиндиларни ағдариб кетиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бундай кўринишларга чек қўйиш мақсадида вилоят марказининг 12 та ҳудудига тартиббузарларни қайд этишга йўналтирилган назорат камералари ўрнатилди. Қурилма хотирасига тушган тасвирлардан келиб чиқиб, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқаролар ва ҳайдовчилар шахсига ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан аниқлик киритилмоқда.

Мисол учун, ўз дўконидан йиғиштирилган чиқинди тўпламини ёнгинасидаги кўча бўйига улоқтирган фуқаро Қ. Абдулло ва Маданий маориф маҳалласида яшовчи С. Нодирбекнинг ҳовлисидан чиққан чиқиндини енгил автомобилида олиб бориб белгиланмаган жойга ташлаши билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари назорат камерасига муҳрланган. Умуман олганда, ўтган ойнинг ўзида жойларда 104 нафар фуқаронинг шу сингари қонунбузарликлари рақамли технологиялар орқали фош қилинди.

Шахсига аниқлик киритилган фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддасига асосан чора кўрилмоқда. Яъни, улардан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари ҳажмида жарима ундириляпти.

— Назорат камералари ўрнатилиши билан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатлари кескин камайди, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Икромжон Орифжонов. – Масаланинг айни жиҳатидан келиб чиқиб, ушбу амалиётни туманларда ҳам кенг жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бунда махсус қурилмалар   аҳоли истиқоматгоҳларидан ташқари дарахт ва буталарга зарар етказилиши мумкин бўлган ҳудудларга ҳам ўрнатилади.

                                                                                Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер