Наманган осмонида мушаклар порлади

18:17 30 Август 2023 Жамият
739 0

Фото: “Халқ сўзи”

Вилоят аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигини катта кўтаринкилик ва муносиб меҳнат муваффақиятлари билан кутиб олмоқда. Кеча оқшом Давлатобод туманидаги “Aфсоналар водийси” тематик паркида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида байрамнинг бош тадбири ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирокчиларни қутлуғ айём билан қутлаб, ҳудудда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасидаги кенг кўламли ишлар, иқтисодий тараққиёт одимлари ҳақида тўхталди.

Дарҳақиқат, барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлардан кўнгил яйрайди. Мисол учун, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун бу йилгидек катта маблағ ажратилган эмас. Буни йил бошидан буён барча дастурлар доирасида 1671 та объектни ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишларига 3,2 трлн. сўмдан зиёд ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 трлн. сўм кўп маблағ йўналтирилганида кўриш мумкин. Шу ҳисобдан аҳоли учун кўплаб тураржой бинолари, ижтимоий иншоотлар барпо этилиб, йўллар равонлаштирилди, инфратузилманинг бошқа тармоқларида қурилиш ишлари амалга оширилди.

— Ҳаётимиз инсон қадрини ошириш, унинг розилигига эришиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан мазмунли кечмоқда, — дейди байрами иштирокчиси, Косонсой туманидаги 9-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати директори Маъмуражон Султонова. – Айниқса, Ватан тараққиёти йўлидаги фидойи меҳнат муносиб баҳосини олаётганлиги эътиборга молик. Чунончи, қутлуғ сана арафасида Давлатимиз раҳбари Фармони билан менга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони берилганлиги қадрдон жамоам, оила аъзоларим учун ажойиб туҳфа бўлди.

Тантаналар вилоят ва республика санъат усталарининг катта гала-концерти ва театрлаштирилган томоша чиқишлари билан иштирокчиларга завқли онларни ҳадя этган бўлса, якунда порлаган мушаклар осмонни турфа рангларга тўлдириб, байрам шукуҳига шукуҳ бағишлади.

                                                                      Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер