Namangan New City концепцияси яратилди

14:24 16 Апрель 2021 Иқтисодиёт
1647 0

Вилоят марказининг Давлатобод туманида қурилиши режалаштирилган замонавий Namangan New city лойиҳаси Туркиянинг "Vertebra studio“ компанияси томонидан тайёрланган бўлиб, турк меъморлари "ақлли шаҳар" концепциясини тақдим этдилар. Яқин вақт ичида улкан қурилиш майдонига айланадиган янги шаҳар умумий ҳажмда 558 гектар майдондан жой олади. Унда қад ростлайдиган бино ва иншоотлар ҳам шунга яраша: 23 минг хонадон яшовчи 2,3 млн кв.метрли 377 та 9-16 қаватли турар-жойлар, 1500 ўринли 2 та шифохона, 6500 ўринли 20 та мактаб, 6000 ўринли 30 та болалар боғчаси, 8000 ўринли 4 та жомеъ масжиди, 140 минг кв.метрли 5 та меҳмонхона, 7 та кўприк барпо этилади.

Йўллар ва унга ёндош инфратузилмалар 450 минг кв.м, офис бинолари 85 минг кв.м, савдо жойлари 225 минг кв.м, аҳоли марказлари 405 минг кв.м ҳудудни эгаллайди.

Бўлажак шаҳар экологик софлиги билан барчага маъқул тушиши табиий. Чунки, унинг 278 гектари, яъни тенг ярми яшил ҳудуддан иборатлиги лойиҳада атроф-муҳит мусаффолигига қанчалик катта эътибор қаратилганидан далолат бериб турибди.

Namangan New cityда умумий аҳоли сони 90 минг нафардан ортади. Офис, идоралар, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида 61 минг кишининг бандлиги таъминланади. Кун сайин ривож топаётган Наманганга муносиб йўлдош бўладиган шаҳардан жой олишга ҳозирданоқ жуда кўпчилик астойдил қизиқиш билдирмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер