Наманган–Деҳли авиақатнови йўлга қўйилди
3 апрель куни «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан Наманган халқаро аэропортидан Наманган–Деҳли–Наманган йўналишида йўлга қўйилди. Ҳозирча ҳафтасига бир марта — ҳар жума куни амалга оширилиши режалаштирилган мазкур авиапарвозларни талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб келгусида ҳафтасига 2-3 мартагача кўпайтириш ҳам кўзда тутилган.
Шу вақтга қадар Деҳли шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар фақат Тошкент халқаро аэропорти орқали амалга ошириб келинганлигини нуқтаи назаридан янги авиайўналиш нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийси аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун яратилган қулайлик сифатида муҳим янгилик бўлди.
«Uzbekistan Airways» авиакомпанияси мазкур рейсларни замонавий Airbus А320 русумли ҳаво кемаларида амалга оширади.
Ушбу йўналишнинг очилиши ҳудудда туризм салоҳиятини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда «Наманган халқаро аэропорти»орқали нафақат МДҲ давлатлари, балки Европа, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларининг йирик шаҳарларига мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда аэропортда олиб борилаётган реконструкция ва замонавий андозаларда янги қурилиш ишлари ниҳоясига етгач вилоят ҳаво дарвозасининг имкониятлари янада кенгаяди.
Акрамжон Сатторов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг