Наманган давлат университети тўлиқ муқобил энергия тизимига ўтди. Хўш, бу ОТМга қандай наф келтирмоқда?

14:49 07 Июнь 2023 Жамият
469 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманган давлат университетида юртимиздаги олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб муқобил энергия тизимини жорий этишга киришилган эди. Бугунги кунда таълим муассасасининг ўқув ва талабалар турар-жой биноларига қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторлари, тунги ёритгичлар ўрнатиш ниҳоясига етказилди.

Маълумотларга қараганда, университетда 2022 йилда 692 минг кВт/с электр энергияси сарфланган. Жорий йилда эса эҳтиёж 698 минг кВт/сни ташкил этиши кўзда тутилган. Ўтган йилдан бу ерда қуёш панелларини ўрнатиш ишларига киришилиб, дастлаб ўрнатилган соатига 100 кВт/с қувватга мўлжалланган фотоэлектрик панеллар ёрдамида 16700 кВт/с энергия ҳосил қилинди. Бу ташқаридан олинадиган энергия ҳисобидан 16 миллион сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилиб қолинишини таъминлади.

Айни йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, жорий йилда 355 кВт/с қувватга эга қуёшдан нур олувчи қурилмалар бинолар томидан жой олди.

— Агар университет бўйича бир ойда ўртача 65 минг кВт/с электр энергияси сарфланишини ҳамда бунинг учун “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонасига 65 миллион сўм маблағ тўланишини эътиборга олсак, бугунга келиб қуёш панелларининг тўлиқ ишга туширилиши ҳисобига унинг 50 миллион сўмдан ортиғи тежаб қолиняпти, — дейди НамДУнинг молия-иқтисод ишлари бўйича проректор Рустамжон Имомов.

Муқобил энергияга ўтиш жараёнида ОТМ ҳудудида 63 дона тунги ёритгичлар ҳам ўрнатилди. Аввалги ҳолатда бундай чироқлар учун бир йилда 157 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланар эди. Эндиликда улар ҳам қуёш панелларидан олинган қувватлар ҳисобига ишлатилиб, ушбу маблағ тўлиқ иқтисод қилинмоқда. Қолаверса, талабалар турар-жой биносига ўрнатилган 2 тонна ҳажмдаги сувни иситиш учун кетадиган энергияга мўлжалланган 160 миллион сўм ҳам тежаб қолинаётир.

Бундан ташқари, ўқув ва талабалар турар-жой бинолари йўлаклардаги ёритиш воситаларини бошқариш учун 300 донадан ортиқ сенсорли ҳаракат “датчик”лари ўрнатилди. Энг муҳими, мазкур олий таълим муассасаси қуёш коллекторларидан олинаётган қувватларнинг истеъмолдан ортиқча қисмини “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига сотишни бошлади. Бу билан НамДУ вилоятда биринчилар қаторида муқобил энергия воситасида ишлаб чиқарилаётган қувватлардан даромад оладиган муассасага айланди.

                                                                                                                   Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,                                               (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер