Наманган аэропортида «Карго» тизими йўлга қўйилади
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Гуллар шаҳри ҳаво дарвозасини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш масаласи Президентимизнинг жорий йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида долзарб лойиҳалардан бири сифатида ўртага қўйилганди. Айни вазифа ижроси доирасида хорижий давлатларга экспортни ривожлантиришга хизмат қилувчи «Карго» тизимини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Инвесторлар билан ўтказилган музокаралар натижасида мазкур лойиҳани «Namangan air solution» корхонаси томонидан қисқа муддатда амалга ошириш таклифи билдирилиб, келишувга эришилди.
«Карго» ибораси асосан денгиз, ҳаво ва ер усти транспортида катта ҳажмдаги юкларни ташишга нисбатан ишлатилади.
Бугун эрта тонгда Наманган халқаро аэропортида экспортни ривожлантириш қаратилган эзгу ишга киришилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда тадбиркорлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилаётган бу тизимнинг минтақа иқтисодий ҳаётида, хусусан, экспорт салоҳиятини оширишдаги аҳамиятига тўхталиб шундай деди:
— Маҳаллий маҳсулотларимизни хорижий давлатларга ҳаво транспорти орқали сифатли етказиб бериш тизимининг йўлга қўйилиши экспорт ҳажмлари кўпайиши, ташқи бозорга ишловчи корхоналар сонининг ортиши ҳамда ҳамкорлик географиясини кенгайтириш имконини беради.
Маълумот учун, ҳозирги кунда вилоятда 560 тадан ортиқ субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳамда етиштирилган мева-сабзавотлар дунёнинг 65 та давлатига экспорт қилинмоқда. «Карго» тизими орқали яна 22 та давлат бозорига кириб бориш ва экспорт географиясини 90 тага етказиш кўзда тутилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг