Мурожаатлар адолатли ўрганилиши кафолатланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Хоразм вилояти шаҳар ҳамда туманларида ўтказилган оммавий қабулларда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги айрим масалалар қатор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилди.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари А. Усмонов бошчилигида ўтказилган очиқ ва самимий мулоқотлар ортиқча расмиятчиликсиз, фуқароларга қулай ҳамда энг муҳими, ўзларини ўйлантираётган муаммони эмин-эркин билдириши учун зарур шароитлар яратилган ҳолда ташкил этилди. Оммавий қабулларда фуқароларнинг мурожаатларини тинглаб, жойида ҳал қилиш, ариза ва шикоятларнинг ёзилишига туртки бўлган сабабларни чуқур таҳлил этиш асосий мақсад қилиб қўйилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонаси ташкил этилганидан буён юридик ҳамда жисмоний шахслардан 27 минг 169 та мурожаат келиб тушган. Вилоят туманларида ўтказилган оммавий қабулларда эса 500 дан ортиқ мурожаатлар ўрганилиб, 300 дан зиёди қаноатлантирилди. Мурожаатлар мазмуни ўрганилганда, асосан, уй-жой олиш ва якка тартибда уй қуриш учун ер участкалари ажратиш, суд-ҳуқуқ, фуқароликка қабул ҳамда рўйхатдан ўтиш, моддий ёрдам ва пенсия таъминоти, банк кредитларидан фойдаланиш, коммунал соҳага алоқадор муаммолар билан боғлиқ экани аниқланди.
Хонқа туманидаги “Ваисёз қаҳрамон” фермер хўжалиги дала шийпонида ташкил этилган оммавий қабулда Ҳазорасп, Боғот, Янгиариқ, Хонқа туманларида истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатлари кўриб чиқилди. Қабулга ўз муаммоларига ечим топиш умидида келган инсонлар билан суҳбатлашар эканмиз, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил амалда ўз исботини топаётганига ишонч ҳосил қилдик.
— Инсон ҳаёти қувонч ва ташвишлардан иборат, — дейди Янгиариқ туманидаги Баёт маҳалласида яшовчи Насиба Жуманиёзова. — Баъзан шундай муаммолар учрайдики, уларни ҳал этиш учун давлат идораларига мурожаат қилишга тўғри келади. Илгари бундай муаммолар юзасидан идорама-идора югуриб, қанча оворагарчилигу сансалорликларга дуч келганмиз. Эндиликда барча жойда Халқ қабулхоналари очилгани, мана шундай оммавий қабуллар ўтказилиб, мурожаатларимиз адолатли кўриб чиқилаётгани юртимизда инсон манфаатларини амалда таъминлаш энг устувор мақсадга айланганидан далолат беради. Ўзим туман ободонлаштириш бошқармасида ишлайман, турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони, уч нафар фарзандим бор. Жорий йилда қуриладиган янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлардан ипотека кредити асосида сотиб олиш масаласида мурожаат этдим. Туман ҳокимлиги қошидаги комиссияга мурожаатимни ўрганиш ва ижобий ҳал қилиб бериш топширилди.
Боғот туманидаги Нурафшон шаҳарчаси Эзгулик кўчасида яшовчи Ҳасанбой Ёқубов маҳаллага борадиган тупроқ йўлда транспорт воситалари ҳамда пиёдалар ҳаракатланиши қийин кечаётгани, айниқса, ёғингарчилик кунларида умуман маҳаллага кириб бўлмаслигини билдириб, шағал тўкиб берилишини илтимос қилди. Бу масала шу жойнинг ўзида ижобий ечимини топди. Боғот тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбари Жавлонбек Тўраев ушбу мурожаат бўйича ҳозирнинг ўзида амалий ишга киришилганини билдирди. Тезкорлик билан маҳалла ҳудудига бориб қайтган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳақиқатан ҳам йўлга шағал ётқизилаётгани акс этган тасвирларни оммавий қабулда қатнашаётган фуқаролар эътиборига ҳавола қилишди.
Янгиариқ туманидаги Жалоир маҳалласида яшовчи Қадамбой ота Нурметов маҳалла ҳудудидаги нураб қолган кўприкни таъмирлаш масаласини кўтарди. Мутасаддилар бу мурожаатни асосли, деб топгач, мазкур кўприк қайта экспертизадан ўтказиладиган ва уни таъмирлаш ишлари бир ой муддатда бажариладиган бўлди.
Шовот туманида ўтган сайёр қабулда қўшни Қўшкўпир ҳамда Хива туманлари аҳолисидан тушган ариза ва шикоятлар мазмунан бирма-бир кўриб чиқилди.
Шовотлик Озод Ражабов оммавий қабулда ўғли Даданазар Ражабовнинг суд иши бўйича мурожаат этди. Ўғлининг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, яшаш жойидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи томонидан кафиллик берилгани ҳамда бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиш бўйича ёрдам сўради. Мурожаат тегишли суд органи томонидан кўриб чиқилиб, Даданазар Ражабовга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод этилди. Бу ҳам инсон тақдири, унинг эрки ва шаъни ҳар нарсадан устун эканлиги, халқимизга хос инсонпарварлик, кечиримлиликнинг амалдаги ифодасидир.
Янгибозор, Гурлан, Урганч туманлари ҳамда Урганч шаҳри аҳолиси билан ўтказилган сайёр қабулларда мурожаатларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, ечимини топиш ва тушунтириш бериш учун турли соҳалар бўйича секторларга бўлинган ҳолда муҳокамалар олиб борилгани ҳар бир мурожаатнинг жавобсиз қолмаслигини кафолатлади.
— Муаммонинг илдизи қанча барвақт аниқланса, уни бартараф этиш ҳам шунча осон кечади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Султонбой Бердиқиличев. — Бунинг учун мутасаддилар халқ билан доимий мулоқотда бўлиши, аҳолини ташвишлантираётган муаммоларнинг ичига янада чуқурроқ кириб, вазиятни қалбан ҳис қилиши керак. Вилоятда ўтказилган оммавий қабуллар давомида мурожаатларнинг салмоқли қисми белгиланган тартибда ҳал этилди, қолганларининг ижроси қатъий назоратга олинди.
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг