Мурожаатлар 9 млн.дан ошган. Бунга сабаб нима?

16:35 27 Ноябрь 2019 Жамият
963 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев, "Халқ сўзи".

Мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизматига чақириқлар сони 2016 йилда 7,2 млн.ни ташкил этган бўлса, 2017 йилда 8,7 млн., 2018 йилда эса 9,8 млн.га етди. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган. Бу нимадан далолат? Бу, аввало, бугун кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишонч ортганини англатади. Бироқ айрим ҳолларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш даражасида бўлмаган касалликлар учун ҳам “тез ёрдам”ни овора қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, ютуқлар ва муаммоларга бағишланган матбуот анжуманида алоҳида таъкидланди.

Юртимизда шошилинч ҳолатларда кечиктириб бўлмайдиган биринчи тиббий ёрдам илгари фақат давлат тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатилган бўлса, эндиликда мулк шаклидан қатьи назар, хоҳ давлат, хоҳ хусусий тиббиёт муассасалари бўлсин, фуқароларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам аҳоли учун қулайликдир. Қолаверса, шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматлари тизимида call-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар фаолият юритиши, “тез ёрдам” машиналари GPS-мосламалари билан жиҳозланиши халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan”, “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатади. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини кузатсак, уларда 20-25 минг кишига битта махсус автотранспорт воситаси тўғри келади. Демак, бу жиҳатдан мамлакатимиз тиббиёти халқаро андозалар даражасига кўтарилди.

Тадбирда йўлларда “тез ёрдам” машиналарига йўл бермаслик, “тез ёрдам” шифокорлари хизмат бурчини бажараётган пайтда беморларнинг яқинлари томонидан ноҳақ тажовуз ва таҳдидларга учраши каби нохушликлар тиббий хизмат сифатига ўз таъсирини ўтказмай қолмаслиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида соҳада эришилаётган ютуқ ва натижалар баробарида, долзарб муаммолар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер