Мулоқотда муаммолар ҳал этилди

07:40 26 Апрель 2022 Жамият
941 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан олис ва чекка ҳудудларда фуқаролар ҳамда тадбиркорлар учун сайёр қабуллар ўтказилиб, уларнинг таклифлари, муаммо ва ташаббуслари тингланмоқда. Ана шундай қабулларнинг навбатдагиси Ургут туманининг «Кенагас» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

Мулоқотлар давомида адлия вазири ўринбосари А. Муҳаммадиевга юзга яқин фуқаролар уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорлик, саломатлигини тиклаш, кредит олиш, алимент ундириш, пенсия ва нафақа тайинлаш, бандлик сингари масалаларда мурожаат қилди.

Туманнинг Қорабулоқ маҳалласида яшовчи Зулфизар ая Содиқова ўтган йилнинг ёз ойларида инсультни бошдан кечиргач, тўшакка михланиб қолди. Тиббий кўрик, тинимсиз даволанишлар эса яхши натижа бермади. Афсуски, оила аъзоларининг топганлари ҳам дори-дармон, рўзғордан ортаётгани йўқ. Беморга эса амалий ёрдам лозим.

Мулоқотлар давомида Зулфизар ая Содиқованинг акаси Баҳодир Содиқов синглисининг бугунги аҳволи ҳақида гапираркан, ногиронлик аравачасини олиш борасида кўмак сўради. Мурожаат эса шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. Муҳими, шу куни 1-гуруҳ ногиронлари бўлган бир неча фуқароларга ҳам ана шундай махсус аравачалар топширилди.

Шунингдек, «Омонқўтон» маҳалласи фуқароси, қарийб 60 ёшни қарши олган Худойберди Маҳмудов турмуш ўртоғи Азиза Маматқулова билан шу пайтгача шаръий никоҳ асосида яшаб келгани, қонуний никоҳдан ўтишда айрим муаммоларга дуч келаётганини айтиб, ёрдам сўради. Адлия вазири ўринбосари бошчилигида бу оиланинг никоҳи шу ерда расман қонунийлаштирилиб, гувоҳномалар тантанали топширилди.

— Қизим Дилнура Аъзамова яқинда 16 ёшга тўлади, — дейди ургутлик З. Раупова — Ҳадемай паспорт олиши керак. Лекин туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги сабабли бу масала муаммо бўлаётганди. Беэътиборсизлигимиз боланинг келажагига таъсир қиларди. Қабулда вазиятимни тушунтириб, ёрдам сўрадим. Масалам жойида ҳал бўлди. Бугун сайёр қабулда мен каби қанча ургутликлар ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий ёрдам олишга муваффақ бўлганини кўриб, кўнглим ёришди.

Тадбир чоғида Ургут туманидаги тегишли ташкилотлар томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, айни шу аснода замонавий мобил автобусда давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер