Муаммолар қандай ҳал этиляпти?
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида секторлар фаолиятини йўлга қўйилган эди. Бугун тўртта сектор раҳбарлари ўзларига бириктирилган маҳаллалар ободлиги ва халқ розилиги йўлида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Хўш, 2-сектор раҳбарлари ўзларига юклатилган вазифаларни қай даражада уддалаяпти? Одамлар улардан розими? Ҳудуддаги муаммолар ечими қандай бартараф этиляпти?
Биз ана шулар хусусида Қарши туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Алишер Мирзоевни суҳбатга тортдик.
— Пандемия даврида 1530 нафар эҳтиёжманд оилалар “темир дафтар”га киритилиб, 1390 та оила туман халқ депутатлари кенгаши қарори асосида “темир дафтар”дан чиқарилган. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун тизимли равишда ишлаш керак. Аввало, уларнинг бандлигини таъминлашга урғу бердик. Ҳозирги кунда 2-секторда 140 нафар оила “темир дафтар”да бўлиб, ушбу оилаларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳам яқин келажакда ўз самарасини беради.

— Ёшлар масалалари бўйича қандай ишлар олиб бориляпти? Улар учун ҳам алоҳида дафтар юритилади, шундай эмасми?
— Ҳа, албатта. Ёшлар билан ишлаш масаласи устовор йўналишларимизлан бири. Бугунги кунда туман 2-секторимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 34 минг 203 нафарни, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 7 минг 305 нафарни ташкил этади. “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш усун, аввало, хатлов ўтказдик. Натижасига кўра, 964 нафар ёшлар рўйхатга олиниб, улар “ёшлар дафтари”га киритилди. Уларни бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бораси тизимли ишлар ташкил этилди.
Жумладан, 88 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди, 74 нафар ёшларга “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли банк кредитлари олиб берилиб, тадбиркорликка жалб этилди, 62 нафар ёшлар тикувчилик ва компьютер саводхонлиги йўналишида касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилди. “Устоз — шогирд” анъанаси ҳам амалда. Шу асосда 15 нафар ёшлар уста-ҳунармандларга бириктирилди ҳамда 83 нафарининг ижтимоий муаммоси ҳал этилди.
— Айтинг-чи, аёллар бандлиги ва ижтимоий ҳимоясида 2-сектор қандай ишларни олиб боряпти? Унинг самараси сезиляптими?
— Секторда 1438 нафар аёллар “аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, тадбиркорликка жалб этиш бўйича сектор ишчи гуруҳ аъзолари, тижорат банклари томонидан ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2-сектор ҳудудидаги 63 нафар аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларга “Микрокредитбанк” АТБ ва “Халқ банк” АТ Бешкент филиали томонидан 1 млрд. 16 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. “Аёллар дафтари”га киритилган 8 нафар боқувчисини юқотган, ижтимоий аҳволи оғир бўлган аёллар 90 млн. сўм миқдорида маблағ махсус “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан ажратилиб берилиб, уй-жойлар таъмирланди.


Биласизми, аксарияти муаммо, бу — ишсизлик, оилага даромад кириб турмаслиги билан ҳам боғлиқ. Шу боис туман прокуратураси, яъни 2-сектор ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасидаги “Neatest” МЧЖ томонидан акфа эшик-ромлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, ушбу кичик саноат зонасида “Turdi muazzam servis” оилавий корхона фаолияти ташкил этилиб, металлга қайта ишлов бериш фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур корхонада уч нафар “темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, “Eto ya” ХК томонидан балиқ етиштириш йўлга қўйилиб, ҳозирда қўшимча 30 ҳовуз ташкил этилди. Бу йилига 30 минг дона балиқ етиштириш мўлжалланган.

Бизнинг ташаббусимиз билан “Кожор” МФЙда яшовчи “темир дафтар”даги фуқаро Э. Абдувалиеванинг таъмирталаб тураржойи бузилиб, “Global сonstruсtion group” МЧЖ ҳомийлиги остида 3 хонадан иборат уй-жой қурилиб тайёр ҳолда, яъни уй жиҳозлари билан таъминланиб берилди. Шу билан бирга, оиланинг иқтисодий ночорлиги, Э. Абдувалиеванинг турмуш ўртоғи Б. Эштўхтаров ногиронлиги борлиги сабабли қизи Б. Тошевага тикув машинаси олиб берилди. Натижада уйнинг алоҳида хонасида тикувчилик фаолияти йўлга қўйилишига кўмаклашилди. Албатта, бу оилага қўшимча давромад олиб келишда муҳим манба бўлиб хизмат қилаётир.
— Келгусидаги режалар қандай?
— Ҳар бир идора, ҳар бир фуқаронинг ўз режалари бўлади. Бизнинг олий мақсадимиз — ҳақиқий маънода “халқ прокуратураси”га айланиб, одамлар розилигига эришишдир. Бунинг учун олдимизга қўйилган барча йўналишдаги ишларимизни тизимли амалга ошириб боришимиз лозим. Бунинг учун имкониятларимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли. Фақат ишлаш керак, изланиш керак ва ҳаракатдан тўхтамаслик керак, деб ўйлайман.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
“Халқ сўзи”.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг