Москвада Ўзбекистонни эслатувчи нечта маскан бор?
Россия Федерацияси пойтахтидан махсус мухбиримиз
Омонулла ФАЙЗИЕВ хабар қилади.
Бугунги кунда Москва шаҳрида қарийб 194 миллат ва элат вакиллари яшайди. Улар орасида ўзбек халқига бўлган муносабат, эҳтиром ҳавас қилса арзигулик даражада эканлиги кишини қувонтиради. Чунки шаҳар бўйлаб сайрда қай бир россиялик билан суҳбатлашманг, барчаси Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида ҳурмат билан сўз айтади. Бинобарин, Россия пойтахтида юртимиз билан боғлиқ бир қатор кўчалар ҳамда ёдгорликлар ҳам борки, улар табиий равишда кўнглимизда фахру ифтихор туйғуларини уйғотади.
Мамлакатимизнинг бош шаҳри Тошкент кўчаси Москванинг Жануби-Шарқий ҳудудида жойлашган. “Кузьминки” хиёбонига қадар етаклаб борувчи ушбу кўчанинг узунлиги 2,2 километр. Унга мазкур ном 1967 йилнинг 13 декабрида берилган. Москваликлар кўчанинг бундай аталишини 1966 йилда Тошкентда рўй берган мудҳиш зилзила билан боғлашади. Маълумки, табиий офатдан сўнг шаҳарни ободонлаштиришда барча миллат вакиллари бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишган. Чунончи, Москва шаҳридан ҳам бир қатор мутахассислар ушбу хайрли ишларга жалб этилган. Шулардан бири 76 ёшли Андрей Заголаевдир. Отахоннинг айтишича, ўша пайтда россияликлар Тошкентда ўзбекларнинг жамоавий руҳда аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб аниқ тартиб ҳамда тизим билан меҳнат қилгани, мисли кўрилмаган шиддату шижоат кўрсатганига гувоҳ бўлиб, ўз ҳайратларини яшира олишмаган экан. Шундай қийин вазиятда бутун бир катта шаҳарнинг ягона оила бўлиб фидойилик кўрсатганининг таърифи собиқ -Иттифоқнинг барча ўлкасига тарқалган. Ҳақиқатан ҳам, тошкентликлар ўз матонатлари билан қаҳрамонга айланган эдилар. Орадан кўп вақт ўтмай қаддини ростлаган Тошкент москваликларнинг ҳам фахрига айланди. Айнан шундан сўнг биз юқорида айтган катта кўчалардан бирига Ўзбекистон пойтахти номи берилган. Москванинг Тошкент кўчасида Давлат гуманитар университети, “Вихино” кўргазмалар зали каби йирик бинолар мавжуд.
Диёримиз шаҳарлари шарафига ном олган Москва кўчаларидан яна бири, бу — Самарқанд бульваридир. Албатта, кўҳна ва ҳамиша навқирон, йирик тарихий цивилизациялар марказларидан бири бўлган азим Самарқанд бутун дунёга машҳур. Ҳеч кимга сир эмас, чет эллик сайёҳлар боришни ҳамиша орзу қилиб келадиган бу манзил номи билан ҳаттоки коинотдаги сайёралардан бири ҳам аталади. Бинобарин, Россияда яшаётган ўзбеклар учун ҳам Москвадаги сўлим Самарқанд бульвари ифтихор рамзидир.
Москванинг Жануби-Шарқий ҳудудида жойлашган ҳамда узунлиги 2,04 километр бўлган мазкур бульвар 1968 йил 3 сентябридан буён Самарқанд, дея номланиб келинади. У ўзаро параллел иккита бир тарафлама ҳаракатдан иборат кўча. Ушбу бульвар Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри Самарқандга, унинг аҳолиси, маданияти, табиати ва албатта, кўҳна тарихига катта ҳурмат тимсолига айланган.
Ўзбекистон жавоҳири Фарғона эса Москванинг Жануби-Шарқий ҳудудидаги 2,4 километрлик кўча номини безаб турибди. Унга 1968 йилнинг 3 сентябрида шу ном берилган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Фарғона водийсига бағишлаб аталган кўчалар Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам мавжуд. Мисол учун, Уфа, Пенза, Красноярск томонларда ҳам ана шундай жойлар бор. Барча Фарғона кўчалари ўзининг табиати, иқтидор эгалари, санъатию маданияти билан танилган, шу боис рус халқи томонидан билдирилган алоҳида эҳтиром ифодасини мужассам этади.
Москвадаги Фарғона кўчасининг қуйи қисмида ҳам, Тошкент кўчаси билан юқори кесишма қисмида ҳам Фарғона номли торкўчалар мавжуд. Зеро, Тошкент, Фарғона кўчалари, Фарғона, Тошкент торкўчалари, Самарқанд бульвари ўзига хос қўр тўкиб турибди.
— Ўзбекистонга бир марта борганимдаёқ, уни яхши кўриб қолганман, — дейди москвалик Анастасия Шербакова. — Самарқанддаги қадимий обидаларни, меҳмондўст одамларини соғинсам, интернет орқали томоша қилиб тураман. Дугоналарим орасида ўзбекистонлик қизлар борлигидан мамнунман.
Ўзбек халқига нисбатан улуғ муносабат бугунги кунда ҳам давом этаётгани Ўзбекистонни эслатувчи кўчалар сони ортаётганидан, ёдгорликлар эса кўз қорачиғидек асраб-авайланаётганидан ҳам аён. Гапимизнинг тасдиғи тариқасида Москванинг марказий ҳудудида қад ростлаган мустақил юртимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан аталувчи хиёбонни айтиб ўтишимиз мумкин. Бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали ҳам мазкур хиёбондан ўрин олган.
Буларнинг барчаси жонажон Ватанимизга бўлган юксак эътиборни, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг бир-бирига бўлган яқин муносабатларини, халқларимизнинг ўзаро дўстона алоқаларининг мустаҳкамлигини, энг муҳими, қалбларимиз ҳамоҳанглигини яққол тасдиқлаб турувчи ҳаётий исбот ҳамда далиллардир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг