Мўйноқда нима гаплар?
Фото: Халқ сўзи
Кўпчиликка маълумки, 2000 йилларда Оролбўйи минтақасида сув танқислиги, ҳудуддаги иқтисодий инқироз кучайди, аҳолининг турмуш шароитлари янада оғирлашди. Орол денгизи қуриши ва мазкур экологик инқироздан энг кўп азият чеккан аҳоли мўйноқликлар бўлди.
Бундан 20 йилча илгари ҳудуддаги тангликдан аксар мўйноқликлар ҳаётини яхшилаш мақсадида туғилиб ўсган овулини ташлаб кетишга мажбур бўлган эдилар. Бугунчи?
Бугун эса бу манзаранинг тамоман аксини кўрамиз. Бошқа ҳудудлардан ўз бизнесини яратиш, шу ерда ишлаш истагида Мўйноққа келаётганлар сони ортиб бормоқда. Негаки, Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат маҳаллий, балки бошқа ҳудудлар аҳолисининг ҳам келажакка бўлган ишончларини оширмоқда.
Мўйноққа энг дастлаб 2013 йилда келган Адамбой Абдалов аввалига фермер хўжаликларда шартнома асосида ишлаб юрди. Асли хоразмлик бўлган Адамбой ака 2018 йилда ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган шароитлардан фойдаланиб, «Севинч-Сардорбек» фермер хўжалигини ташкил қилди. Дастлабки йилларда донли экинлар ва сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштирди.
— Эндиликда чорвачилик тармоғи бўйича ҳам янги лойиҳалар асосида иш бошлаяпмиз, — дейди фермер Адамбой Абдалов. — Бунинг учун Мўйноқда барча шароит бор. Ўтган йил маккажўхори, беда экиб, чорва моллари учун озуқа етиштириш имкониятимизни синаб кўрдик, натижа ёмон бўлмади.
Яхши ният билан Германия давлатидан 25 бош наслдор молларни, шунингдек, Қозоғистондан 170 бош қўй олиб келдик. Ҳозирги вақтда чет элдан олиб келинган наслдор чорвалар ўзимизда етиштирилган озуқа билан боқилмоқда. Энг муҳими, Мўйноқда ишлайман десанг, қўллаб-қувватлайдилар. Меҳнатдан қочмай ишлаяпмиз, натижа ҳам шунга яраша бўлиб, фаолиятимизни кенгайтирмоқдамиз. Фермер хўжалигимиз аъзоларининг даромад топиб, оиласини, рўзғорини бут қилиши учун ҳисса қўшаётганимдан кўнглим тўлади.
Ушбу «Севинч-Сардорбек» фермер хўжалигида туманнинг «Қизилжар» овулидан 15 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган эътибор аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият каб этмоқда.
Орол денгизи қуриган бўлсада, ҳудудда яратилган шароитлардан Мўйноқда яшаб, меҳнат қилаётган аҳолининг кўнгли тўлмоқда. Ҳа, бугун Мўйноқдан кўчиш эмас, у ерга кўчиб бориш, ўз ишини бошлаш ва кенгайтиришни ният қилганлар кўпаймоқда.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг